Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида спортни оммалаштириш бўйича ҳам қатор кўрсатмалар берган эди. Куни кеча ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳаларга бағишлаб ўтказилган тақдимотни таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин.
Қайд этилганидек, юртимиздаги 9309 та маҳалладан 763 тасида спорт объекти, 6 мингдан ортиғида кутубхона йўқ. Шунингдек, 10130 та мактабдан 2 мингдан зиёдида спорт зали, 22 тасида кутубхона мавжуд эмас. Бу жойларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Биринчисида китоб жавонлари ва спорт қурилмалари ўрнатиш, иккинчисида очиқ спорт майдонлари ҳамда учинчисида ёпиқ иншоотлар барпо этиш назарда тутилган эди. Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.
– Қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти, – деди президент мутасаддиларга қарата.
Таъкидланишича, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса ҳам яхши бўлади, келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Шундан келиб чиқиб, лойиҳани такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади. Эгаси бўлгани учун тадбиркор ҳам даромад топади, мажмуа ҳам қаровсиз қолмайди.
Тақдимотда мактаблар қамровини оширишга оид лойиҳалар кўриб чиқилди. Маълумки, келгуси беш йилда юртимизда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни ташкил этиш зарур. Шу боис давлатимиз раҳбари янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш бўйича топшириқ берган эди. Шунга асосан, 330, 660, 990, 1320 ва 1650 ўринли мактаблар лойиҳаси тайёрланган. Бунда қўшимча бино, кўп функцияли зал, санитария-гигиена хоналари қуриш, замонавий лаборатория, интерактив доска, қулай ўриндиқлар билан жиҳозлаш каби барча жиҳатларга эътибор қаратилган.
Давлатимиз раҳбари мутахассислар билан ҳар бир мактабнинг асоси ва девори ҳолатини ўрганиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ҳолатига қараб, ҳар бир мактабга алоҳида ёндашиш, аҳоли демографиясини инобатга олиб, қаерда неча қаватли бино қуришни ҳисоб-китоб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, Президент ўтган йили онкология тиббиёт маркази лойиҳаси билан бир неча бор танишиб, қатор топшириқлар берган эди. Бугун шу бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Марказ биноси 10 қаватли, 650 ўринли бўлади. 16 та жарроҳлик хонаси, 45 беморга мўлжалланган реанимация хонаси, даволаш ва ташхис бўлимларини ўз ичига олади. Шунинг билан бирга, кунига 100 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга стационар фаолият юритади. Бугунги кунда бинонинг пойдеворини тайёрлаш бошланган.
Давлатимиз раҳбари марказни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, бунда хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Ҳаммамизга яхши маълумки, шу йил 25 январь куни минтақамиз электр таъминотида техник узилиш содир бўлди. Бу барча электр станцияларга таъсир қилиб, фавқулодда вазият юзага келди. Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган. Шу боис, мамлакатимизда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган. Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади.
Президентимиз электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилди. Бундан асосий мақсад электр энергияси тизимини барқарор қилиб, хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимизни бу муҳим манба билан узлуксиз таъминлашдир. Бизнинг фаровон турмушимизни таъминлаш мақсадида нечоғли улкан ишлар амалга оширилаётганлигини англамоғимиз, ҳозирги кундаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.