Буюк мақсадларга сафарбар авлод

 

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган муҳим ташаббуслар, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар масъулияти ва муваффақиятини таъминлашда асосий куч сифатида юртимиз ёшлари майдонга чиқмоқда. Қалби юксак ватанпарварлик, юртга садоқат руҳи билан йўғрилган ёшларимиз ҳақиқатан ҳам ўзларига билдирилган ишончни оқлаётганликлари қалбимизда ғурур, ифтихор уйғотиши билан бирга буюк келажагимизга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Бунга биргина мисол сифатида давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ўтган йилнинг 25 декабрида “Uzbekistan GTL” заводининг тантанали очилиш маросимида ёшлар билан бўлган учрашувида билдирган фикр-мулоҳазаларини келтириш ёшларимизга бўлган умидининг бутун мазмун-моҳиятини очиб беради, десак асло муболаға бўлмайди.

Эътибор беринг, мамлакатимизда ва минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона бўлган мазкур мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади. Эътиборлиси, шундай замонавий, фан-техниканинг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилган замонавий заводни бошқарув пултида ҳали ўттизга ҳам кирмаган ўзимизнинг қоракўзлар ўтирибди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда гапирар экан:

- Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади. Мени қувонтирадигани, завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, янгича ишлашга чанқоқ ёшлар. Бу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда албатта жуда керак бўлади, – алоҳида таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг қалбидан отилиб чиққан ушбу сўзлар замирида бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари экани, улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланганини илғаб олиш қийин эмас.

Ўрни келганда давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бевосита Юртбошимизнинг ташаббуси, шахсий ғамхўрликлари туфайли ёшларимизнинг таълим, хусусан, олий таълим имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда олий ўқув юртлари, жумладан, илгари бармоқ билан санарли бўлган хорижнинг илғор олий ўқув юртлари филиаллари сўнги беш йил давомида кескин кўпайди. Бу билан маҳаллий ёшларга олий маълумотли бўлиш, замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштириш имконияти оширилди.

Энг муҳими, ёшларимизнинг олий таълим олишларига етарли шароит яратилиши баробарида, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, таълимдан ташқари ўқиб-ўрганишларига шароитлар яратиш ҳамда турар-жойларини яхшилаш масалаларини ҳал этишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси" тўғрисидаги фармони ва уни жорий йилда амалга ошириш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси”да ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда гап кетганда, олий таълимга қамров даражасини 38 фоизга етказиш, талабалар учун турар-жойлар барпо этиш вазифалари белгилаб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мухтасар қилиб айтганда, ёшларга эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. Юқорида таъкидланган ҳужжатларда белгилаб берилган мақсад, вазифалар эса юртимизда ёшлар масаласига ҳар доимгидан ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини англатади.

 

Жаҳонгир Кабиржонов,

Ўзбекистон ХДП Ёшлар билан ишлаш сектор мудири.

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш