Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда айрим раҳбарларда қонунга беписандлик билан қараш, одамларни ерга уриб, руҳий таъсир ўтказишга уриниш, гўёки ўзининг зўрлигини кўрсатиб қўйишга уриниш ҳолатлари кузатиляпти.
Мисол учун, баъзи ташкилотларда раҳбарларнинг адолатсиз қарорлари билан иш жойидан маҳрум бўлаётган ходимларнинг тақдирига бефарқ қараш ҳолатлари кузатилмоқда. Ёки бўлмаса, ойлар давомида ходимларга иш ҳақи бермай келаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмас.
Мамлакатимизда ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат меҳнат инспекцияси, Касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа масъул ташкилотлар фаолият юритади.
Бироқ, шунча куч бўла туриб, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоли ҳолатларга тизимли ечим топилмаяпти, мутасадди ташкилотларнинг реал таъсири сезилмаяпти.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқаган, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Нурли дон” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти томонидан 57 нафар ишчи ходимнинг август, сентябрь ва октябрь ойларида ишлаган даври учун ойлик маоши берилмай келаётгани бунга битта мисолдир.
Ходимнинг ишлаган даври учун бериладиган маош ишчи-хизматчининг меҳнатини қадрлашдир. Ходимлари қадрланган ташкилотда иш самарадорлиги ошади.
Хўш, нима учун бу борадаги қонун ҳужжатларига очиқчасига беписандлик билан қаралмоқда. Ёки раҳбарларнинг хоҳиш-истаги қонунлардан устунми?
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳолатлар кўпайиши, айбдорлар жазосиз қолишини кескин қоралайди.
Фикримизча, раҳбарлар томонидан содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш учун қонун қатъий қўлланиши керак ва бу жараён жамоатчиликка кўрсатилиши лозим.
Керак бўлса, Меҳнат кодекси билан барча раҳбарларни таништириш шарт. Ким билади, раҳбарлар бу кодексни очиб кўрганми-йўқми?!
Ваҳоланки, кодекснинг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шунингдек, 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги ҳолат атрофлича ўрганилиб, ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши, иш ҳақлари ва маънавий зарар ундириб берилиши зарур. Партиямизнинг Жиззах вилоят кенгаши маҳаллий депутатлар билан бирга бу масалани депутатлик назоратига олади.
Аброр Қурбонов,
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.