«Менинг биринчи сайловим»

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида «Менинг биринчи сайловим» шиори остида давра суҳбати ўтказди. Унда партия вакиллари, университет ходимлари ва 100 нафарга яқин биринчи марта сайловда иштирок этиши мумкин бўлган ёшлар қатнашди.

Дастлаб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Равшан Хомитов сўзга чиқди. У партиямизнинг ғоя ва ташаббуслари, олдида турган вазифалар, янги Сайловолди дастурида илгари сураётган масалалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон ХДП «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси Нилуфар Алибоева эса талаба ёшлар билан интерактив мулоқот олиб борди. Сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, янги Сайлов кодекси борасида кенг тушунча берди.

— Яқинда Халқ демократик партияси «Ёшлик» талабалар шаҳарчасида тарғибот тадбири ўтказганди, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Комилжон Худойбердиев. — Биз курсдошларимиз билан ўша ерда эдик. Жонли ижродаги қўшиқ ва рақслар, қизиқарли ўйинлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди. Дастур давомида партия ғояларининг тарғиботи жуда уйғун тарзда олиб борилди. Биласизми, тадбир ташкилотчилари талабалар руҳиятини, қизиқишларини обдон ўрганиб, шунга қараб тайёргарлик кўрганга ўхшарди. Ҳар бир йигит-қиз кун совуқлигига қарамай, партия тарғиботини диққат билан кузатди. Тақдирни қарангки, бугун яна Халқ демократик партияси вакиллари билан учрашдик. Улар бизга жорий йилги сайловлар, депутатнинг ваколатлари ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлдик.

Тадбир якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

 

Нодира ҒАФУРОВА,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

Тошкент Лойиҳаларимиз Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш