Асосий мақсадимиз – мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги босқичга олиб чиқиш

 

Мустақиллик йилларида ҳар бир йилга ном бериш ва шу аснода қабул қилинган Давлат дастурида энг долзарб вазифалар ижросини таъминлаш хайрли анъанага айланди. Жорий – 2022 йил Президентимиз томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинди.

Ўзбекистоннинг 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмаслигини, инсон қадри деганда, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш назарда тутилаётгани, бу мақсадга эришиш учун дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш бош вазифа эканлигини таъкидлади.

Таъкидланганидек, 7 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадни қамраб олган «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да Давлат дастурини амалга ошириш учун қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 млрд. АҚШ доллари бўлган 398 та чора-тадбир кўзда тутилган. Жорий йилги вазифалар келгуси беш йилда Тараққиёт стратегиясига асосан ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 млрд. доллардан ошириш, шунингдек, иқтисодиётга 120 млрд. доллар, шу жумладан, 70 млрд. доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 млрд. доллардан оширишга мўлжалланган саъй-ҳаракатларнинг дебочасидир.

Ҳаракатлар стратегиясидан жой олган бир қатор мақсадлар Жиззах вилоятида ҳам истиқболли лойиҳалар сифатида ўз аксини топади. Мисол учун, республика ҳудудлари ва хорижий мамлакатлар бизнес вакиллари ўртасида ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, жумладан вилоятнинг Ҳиндистон бизнес доиралари билан инвестиция ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва Айдар-Арнасой кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш, 300 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш, 25 минг иш ўрнини яратиш, Жиззах шаҳрида 2023-2026 йилларда босқичма-босқич замонавий инфратузилмага эга технопаркларни ташкил этиш режалаштирилган. Бунда, технопаркларда 2 та стартап акселератор, 1 та бизнес инкубатор, 1 та ишлаб чиқариш майдони, 3 та коворкинг маркази фаолиятини йўлга қўйиш, Ҳиндистондан зарур мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Жиззахда ишлаб чиқаринг” саноат дастурининг концепциясини ишлаб чиқиш, Жиззах шаҳрида инвесторларга кўмак марказини ташкил қилиш, Айдар-Арнасой кўллар атрофини халқаро индустриал форум ўтказишга тайёрлаш, форум доирасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича меморандумлар имзолаш чораларини кўриш кўзда тутилган.

Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш мамлакатимиздаги сиёсий партиялар, жумладан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, биз депутатларга ҳам катта масъулият юклайди. Бундан ташқари, Президент фармонида халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал килишдаги асосий бўғинга айлантиришга хизмат қилувчи вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган. Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича уларнинг масъулиятини кучайтириш, маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий кенгашларнинг котибиятлари фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўриш шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида айтганда, олдимизга қўйилган ва мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларни амалга ошириш барчамиздан бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишни, том маънода халқпарварликни, ватанпараварликни ва катта масъулиятни ҳис қилишни талаб қилади ҳамда бу масъулиятни барчамиз чуқур ҳис этишимиз лозим.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш