Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошлоқ туман Кенгаши ташаббуси билан туман ахборот кутубхона марказида "Халқ билан мулоқот - муаммоларни самарали, тезкор ҳал этиш омили" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда туман партия Кенгаши, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, жамоат ташкилотлари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, халқимиз ҳаёти ва давлатимиз тараққиётида тутган ўрни, юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Шунинг билан бирга, ёшларимизни турли экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолишларидан асраш, уларнинг онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш, оммавий маданият ва унинг зарарли оқибатлари, эрта никоҳ ва оилавий ажримларни олдини олиш борасидаги вазифалар хусусида сўз юритилди. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун тизимли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, жорий йилдаги "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" Давлат дастури шундай эзгу мақсад ва вазифалар билан йўғрилгани таъкидланди.
Шунингдек тадбирда тумандаги мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида иштирокчиларга маълумот берилди.
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.