Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати Само Абдуғаниев "Депутат маҳаллада" лойиҳаси доирасида “Тупор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи сайловчилар билан учрашди. Аҳоли билан уйма-уй юриб ўтказилган мулоқот давомида фуқаролар томонидан шахсий ва жамоатчилик манфаатларига алоқадор бир қатор муаммолар кўтарилди.
Хусусан, маҳалла аҳли ҳудуддаги электр таъминоти трансформатори 1969 йилда ўрнатилгани, у мактабгача таълим муассасасига кириш қисмида жойлашгани сабабли болалар ҳаёти учун хавф туғдираётгани, қолаверса, янгисига алмаштиришга зарурат борлиги учун туман ҳудудий электр тармоқларига мурожаат қилганликларини, бироқ орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, бирон амалий иш қилинмаганлигини маълум қилди. Партиямиз вакили ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотга депутат сўрови юбориб, ижросини ўз назоратига олди.
Мулоқот давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг бандликни ишга жойлашиш, уй-жой билан таъминлаш, тураржой биносини таъмирлашда ёрдам кўрсатиш борасидаги мурожаатлари ҳам ўрганилиб, тегишли тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.