Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари томонидан «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам қизғин муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси 6 боб, 48 моддадан иборат бўлиб, унда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари ифодаланган. Унда вақтинчалик меҳнат фаолияти, меҳнат мигранти, меҳнат мигрантининг оила аъзоси, меҳнат органлари, ноқонуний меҳнат миграцияси, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, чет эллик иш берувчи ва юборувчи ташкилот каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган.
Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Унга кўра, мамлакатимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш кафолатларини таъминлаш, тартибли ташқи меҳнат миграциясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, унга имкон яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, юртимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириб қайтиб келган фуқароларни реинтеграция қилиш, жумладан уларнинг бандлигини таъминлашга қўмаклашиш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, шунингдек, фуқароларни соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш кўзда тутилган.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида фуқароларнинг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, чет эллик иш берувчиларни излаш, уларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш, ижтимоий таъминот, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси, Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш шартлари каби тартиб-таомиллар ифодалаб берилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан тасдиқланди ва йиғилишда муҳокама қилинган бошқа қонун лойиҳаларига ҳам электорат нуқтаи назаридан муносабат билдирилди.
Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати