Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталигини таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдаги ролини оширишга оид ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу эса хотин-қизларимизнинг ўз қадрига бўлган эътиборини ошириш баробарида меҳр-оқибат тушунчаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.
Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати М. Жумаева "Ҳазортут" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Руста Эшова ва Санобар Каримованинг мурожаатига асосан мутасаддилар ва маҳалла вакиллари билан бирга уларнинг хонадонида бўлди. Руста Эшованинг турмуш ўртоғи ва келини вафот этганини, ҳозирда 6 нафар вояга етмаган набирасини тарбиялаётганини билдирди. Санобар Каримова эса қизи оғир касалликка чалиниб, даволанишига моддий таъминоти етмаётганлигини маълум қилди.
Мурожаатлар ўз ечимини топди. Депутат сўрови асосида "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати жамоат фонди томонидан Р.Эшовага оилавий шароитини яхшилаши учун, С.Каримовага қизини даволатиши учун тегишли пул маблағлари ажратилди. Бу халқимиз оғир аҳволда қолганларни, эътиборга муҳтожларни ҳеч қачон ўз ҳолига ташлаб қўймаслигининг яна бир исботи бўлди.
Наврўз Раҳимов,
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши сектори мудири.