Ўзаро манфаатли алоқалар ривожланмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун ташриф буюриб, бир қатор давлат раҳбарлари, жумладан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Икки дўст мамлакат етакчилари ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Покистон Бош вазири ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифида, эришилган келишувларни амалга оширишнинг илк натижалари эканлигини мамнуният билан қайд этди.

Хусусан, ўтган йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар ортди, 40 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фармацевтика препаратлари, кимёвий товарлар ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Саноат, таълим ва кино соҳаларида қатор муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ҳудудлараро алоқалар ҳам кенгаймоқда – шу кунларда Панжоб вилояти губернатори Сарвар Чоудри бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Учрашувда ишбилармонларнинг қўшма ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

“Термиз – Мозори Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш борасидаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди. Олий ва юқори даражалардаги бўлажак мулоқотлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин билан ҳам учрашиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашди. Яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат принципларига асосланган давлатлараро муносабатлар бугун юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Албатта, олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама алоқаларнинг фаоллашишига хизмат қилиши шубҳасиз. Жумладан, товар айирбошлаш 2021 йил якунига кўра рекорд кўрсаткичга етди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган жами инвестициялар ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Хитойнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, кимё тармоғи, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда юқори технологик лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Яшил” иқтисодиёт, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва электрон савдо соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учрашувда ушбу ташриф доирасида имзоланган беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини кенг кўламда амалга ошириш муҳим эканлиги қайд этилди.

Юртимизда ўзининг ижобий исботини топаётган иқтисодий шерикчилик ва фаол ташаббуслар салмоғи йилдан-йилга ошиб бораётгани бу албатта, қувонарли ҳолдир. Шундай экан, давлатимизнинг ҳар фуқароси ўз келажагига ишонч билан яшаётганига асло шубҳа йўқ!

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш