ХДП фракцияси ташаббуси билан Ҳукумат соати ўтказилди

 

2022 йил 9 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари “Мактабларда Ягона “Электрон таълим” тизимини жорий қилиш ва масофавий таълимни самарали ташкил этиш тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар. Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига халқ таълим вазири Б. Саидов жавоб берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, соҳани замон талаблари асосида модернизация қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, умумтаълим мактабларидаги интернет тармоғи ва улардаги мавжуд компьютер техникасини онлайн мониторинг қилиш мақсадида Ягона “Электрон таълим тармоғи” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур ахборот тизими Тошкент шаҳар Шайҳонтохур туманида тажриба-синовидан ўтказилиб, ўтган давр мобайнида 2 мингта мактабга белгиланган тартибда ўрнатилди. 2022 йилда эса 3 200 дан ортиқ умумтаълим мактабларига ўрнатиш режалаштирилган.

Ягона “Электрон таълим тармоғи”нинг тўлиқ жорий этилиши 10 мингдан ортиқ мактаблардаги 300 мингга яқин компьютерлар ва Интернет тармоғини “Мониторинг тизими” орқали онлайн бошқариш, мониторинг қилиш, 5-11 синфларда таълим олаётган 3,5 миллиондан ортиқ ўкувчиларнинг фойдаланаётган интернет ресурслари орқали уларнинг қизиқишларини таҳлил қилиш ва ўқувчилар учун миллий контентни ривожлантириш ҳамда уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, халқ таълими тизимидаги лойиҳаларни барча мактабларгача етиб боришини таъминлайди.

“Ҳукумат соати”да қайд этилганидек, халқ таълими тизимининг Ягона бошқарув дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда 10 мингдан ортиқ умумтаълим муассасалари ва ташкилотларининг паспорти, 6,2 млн. нафардан ортиқ ўқувчи ҳамда 700 минг нафардан ортиқ ўқитувчи ва ходимларнинг маълумотлар базаси 10 та манфаатдор вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция орқали шакллантирилди. Ушбу дастурнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида халқ таълими тизимини бошқариш билан боғлиқ жараёнлар, хусусан, статистик маълумотларни олиш, молиявий ҳисоб-китоб қилиш, режалаштириш ва таҳлил қилиш автоматлаштирилади.

Шу билан бирга, таълимни рақамлаштириш, ўқувчиларга қўшимча ўқув материалларини тақдим этиш, масофавий таълимни ривожлантириш ҳамда “Flipped classroom” тамойили асосида таълим бериш учун тажриба синов тариқасида Maktab.uz масофавий таълим платформаси жорий қилинмоқда. Бунда босқичма-босқич синфлар, фанлар ва мавзулар кесимида видеодарслар, тақдимотлар ҳамда тестлар базаси яратилади.

Б. Саидов таъкидлашича, Maktab.uz масофавий таълим платформаси платформанинг 4 та модули ишлаб чиқилган: ўқувчи, ўқитувчи, мактаб маъмурияти ва ота-она. Унга кўра, ўқитувчи ўқувчиларнинг билим даражасини, фаоллигини ва эришаётган натижаларини, мактаб маъмурияти ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фаоллиги ва натижаларини, ота-оналар ўз фарзандлари натижаларини кузатиши ва тегишли дарс материалларини кўриб бориш учун имконият яратилган.

Бугунги кунда платформага асосий фанлар кесимида 1-11 синфлар учун 6 800 та видеодарс ва 2,5 мингтага яқин дарс тақдимотлари ҳамда қўшимча 500 дан ортиқ видеоконтент жойлаштирилди. Шунингдек, платформанинг мобил иловалари (Android ва iOS учун) ишлаб чиқилмокда.

Бундан ташқари “Узлуксиз касбий таълим” платформаси (onlinedu.uz) орқали мактаб ўқитувчилари онлайн малака ошириш имкониятлари яратилди. Дастлаб узлуксиз касбий ривожлантириш курслари учун 29 та фан йўналишда 1 120 та маъруза, тақдимот ҳамда видеодарс, 7 840 та қўшимча адабиёт, 7 308 та назорат топшириғи яратилди ва платформага жойлаштирилди.

Ўқувчилар ўртасида китобхонликни оммалаштириш мақсадида Kitob.uz портали ҳамда унинг мобил иловалари (Android ва iOS учун) ишлаб чиқилди. Порталга миллий ва хорижий адабиётнинг дурдона асарларидан 2 519 та электрон ва 953 та аудио шаклда китоблар жойлаштирилган бўлиб, бугунги кунда порталнинг ойлик кузатувчилари сони 15 мингдан, китобларни кўришлар сони 25 мингдан оршди.

“Ҳукумат соати”да келтирилганидек, пандемия шароитида ўқувчиларга онлайн таълим бериш борасида “Онлайн мактаб” лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ажратилган 3 та янги телеканалда “Онлайн мактаб” рукнида жами 20 521 та телевизион дарслар ўзбек, рус ва қорақалпок тилларида тасвирга олинди ва улардан 19 616 таси эфирга берилди.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида карантин даврида масофавий таълимда ўқувчиларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш максадида электрон кундалик (kundalik.com) тизими ишга туширилди. Мазкур лойиҳа ўқувчиларни ўзлаштириш даражасини баҳолаш, ўқувчининг таълим жараёнига жалб килинганлиги ва уйга вазифалар бажарилишини назорат қилиш, мобиль илова орқали ота-оналар ўз фарзандларини синфлар ва фанлар кесимида ўзлаштиришини мониторинг қилиш ва рейтингини аниқлаш имкониятларини беради.

Савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар соҳа истиқболига қаратилган қатор таклиф ва тавсияларни беришди. Муҳокамалар сўнгида кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш