Олис ҳудудларда яшовчи хотин-қизлар партия эътиборида

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Хатирчи туман ҳокимлиги, Тадбиркор аёллар ассосацияси Навоий вилоят бўлими, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида «Ижтимоий кўмак: эзгу мақсадлар йўлида» лойиҳаси доирасида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни аҳоли орасига тарғибот қилишга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Насиба Содиқова, «Тадбиркор Аёллар Ассосацияси» Навоий вилоят бўлими раҳбари Г. Бердиева сўзга чиқиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган ижтимоий қийин аҳволдаги хотин-қизларни муаммоларини ҳал қилишга қаратилган «Аёллар дафтари»даги аёллар билан манзилли ишлар олиб борилиб, улар учун қулай даромад манбалари яратилаётганлигини таъкидладилар.

Тадбир доирасида дастлаб «Тамабаҳрин» оилавий шифокорлик поликлиникасида тиббий кўрик ташкил этилди. Унда 60 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, ёши 36 ёшдан юқори бўлган 100 нафар хатирчилик хотин-қизлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиали мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аёлларнинг ёши инобатга олиниб ҳамда саратон касалликларини эрта аниқлаш, даво чораларини кўриш мақсадида сўнгги русумдаги, замонавий ускуналардан фойдаланилди. Шифокорлар томонидан касаллик аниқланган беморларга керакли тавсия ва йўлланмалар берилди.

Тадбир давомида «Тамабаҳрин» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар холидан хабар олиниб, уларни қийнаб келаётган масалалар таҳлил қилинди. Аниқланган муаммолар депутатлик назоратига олинди. Фуқаролар билан суҳбатлашганда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳақида тушунчалар берилди. Ҳудуддаги аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўз ўзини банд қилиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.

Шунингдек, тадбир ташкилотчилари маҳалладаги «Кичкинтой» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг ижтимоий ҳолати, болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Учрашув сўнггида партия сафига қабул қилинган 5 нафар муассаса ходимига партия гувоҳномалари топширилди.

Тадбир сўнггида туман марказидан 60 километр узоқда бўлган «Авоқли» маҳалла фуқаролар йиғинидаги хотин-қизларни бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Тадбир ташкилотчилари «Хатирчи асил ипак гиламлари» масъулият чекланган жамиятга қарашли тикувчилик цехида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашишди. МЧЖ раҳбари Мунира Ҳамраеванинг таъкидлашича, жамият кўп тармоқли бўлиб, гиламчилик, тикувчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Энг асосийси, 100 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. М. Ҳамраева фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Яқинда унинг меҳнатлари ўз самарасини берди десак муболаға бўлмайди. «Ҳунарли аёл – юрт келажи» номли лойиҳаси билан 30 миллион сўм ютиб олди.

Тикувчилик цехидаги хотин-қизларга партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди. Натижада 15 нафар аёллар партиямиз сафига аъзо бўлиш истагини билдиришди.

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш