Қозоғистон – бизнинг яқин қўшнимиз, ишончли ҳамкоримиз ва қардош давлатдир. Халқларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар, биродарлик ришталари узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда эса икки давлат ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошланиб, сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги муносабатлар жадал ривожланиб бормоқда.
Маълумки, 2017 йил август ойида Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши” номли халқаро форумда Марказий Осиёнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб олингани маълум қилинган эди. Негаки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга. Минтақадаги барқарорлик, тараққиёт ва яхши қўшничилик муносабатлари барча учун манфаатли бўлади. Бу борада эса минтақанинг етакчи мамлакатлари бўлган Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Алоҳида қайд этиш керак, Қозоғистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган Ўзбекистон-Қозоғистон олий даражадаги учрашувлари туфайли мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар янги босқичга кўтарилди. 2016 йил сентябрь ойидан буён олий даражада 3 та давлат ва 8 та ишчи ташрифлар амалга оширилди, томонлар ўртасида 17 та учрашув ўтказилди. Шу пайтгача ўтказилган ўзаро мулоқотлар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган 220 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган. Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
2018 йилда “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” ва 2019 йилда эса “Ўзбекистонда Қозоғистон йили” ўтказилиши ҳам мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини сезиларли даражада кучайтирди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи давомидаги олий даражадаги музокараларда икки томонлама дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш иқтиқболлари муҳокама қилинди. Икки томонлама стратегик шерикликчилик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Ташриф давомида Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзолангани, Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилгани ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини янада кучайтиради.
Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида парламентлараро ҳамкорлик алоқаларининг алоҳида ўрни бор. Бу борада Ўзбекистон ташаббуси билан Қозоғистон парламенти ўртасида тузилган парламентлараро дўстлик гуруҳи туфайли парламент делегацияларининг мунтазам алмашинуви йўлга қўйилди.
Бугун кунда Олий Мажлиснинг Қозоғистон Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, иқтисодий, сайёҳлик, маданий ва гуманитар соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришда парламент ролини ошириш бўйича музокара ва маслаҳатлашувлар доимий тус олган. Бу борада 2021-2022 йилларда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегациясининг яқинда Қозоғистон Республикасига амалга оширган расмий ташрифи икки давлат ўртасида парламентлараро алоқалар соҳасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Ташриф давомида мамлакатимиз делегацияси Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Ерлан Кошанов билан учрашди. Учрашувда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни, дўстона муносабатларга асосланган алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани, барча соҳалардаги ҳамкорликни барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилганини алоҳида таъкидладилар.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Е.Кошанов томонидан парламентлараро ҳамкорлик Кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзолангани ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини оширишга, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқотда алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ташриф доирасида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Учрашувда Қозоғистон раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётганига юқори баҳо бериб, бу борада икки давлат парламентларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.
Жумладан, президент Қасим-Жомарт Тоқаев: “Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат ва ишончли ҳамкордир, шунинг учун биз муносабатларимизни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг иттифоқчилик муносабатларимиз сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалар каби кенг қамровга эга”, – деди.
Нурдинжон Исмоилов, ўз навбатида, Қосим-Жўмарт Тўқаевга учрашув учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, Ўзбекистон президентининг самимий тилаклари ва илиқ саломларини етказди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари, нафақат давлатларимиз, балки минтақа мамлакатлари умумий тараққиётига, равнақига хизмат қилади.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.