Аёл – муқаддас хилқат

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг Медиа марказида “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, АТ Халқ банки Тошкент шаҳар филиали бошлиқ ўринбосари, Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари, Тошкент шаҳридаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда бугунги кунда аёллар, хотин қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Январь ойининг охирида халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган, инсон қадрини улуғлайдиган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони ва мазкур фармон билан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури” қабул қилинди. Халқ муҳокамасидан ўтган ва халқ муаммоларидан келиб чиқиб тайёрланган ушбу ҳужжатлар барчага бирдек, айниқса аёлларга манзур бўлди. Чунки, уларга хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясига оид долзарб масалалар киритилган – деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Қизилгул Қосимова, Дилбар Мамажоновалар ҳам сўзга чиқиб, хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясига оид масалалар тўғрисида батафсил маълумотлар беришди.

АТ Халқ банки Тошкент шаҳар филиали бошлиқ ўринбосари Наргиза Худойбердиева Хотин-қизларга имтиёзли кредит ва субсидиялар бериш тартиби тўғрисида таништириб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрда имзоланган “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аёллар ва болалар айрим турдаги витаминлар ва дори воситалари билан бепул таъминланиши лозим. Бироқ, Тошкент шаҳрининг барча туманларидан иштирок этаётган аёллар, ушбу витаминлар берилмаётганини билдиришди. Ўз ХДП Марказий Кенгаши "Аёллар қаноти" ташаббуси билан аёллар ва болаларни 7 турдаги витаминлар комплекси билан таъминлаш аҳволини фаол аёллар ва депутатлар билан биргаликда ўрганишни Тошкент шаҳридан бошлаш бўйича келишиб олинди.

Учрашув музокара, фикр ва мулоҳазалар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган, қийнаётган муаммолар ечимини топиш бўйича саволлар билан мурожаат қилишди.

Тадбир сўнггида Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида касб-ҳунар ўрганиш курсини тамомлаган, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи 15 нафар хотин-қизларга сертификатлар топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП сафига қабул қилинган хотин-қизларга партияга аъзолик билетлари ва эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш