Аёллар, оналар узоқ кутган, Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастуридан жой олган муҳим масалалардан бири – болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври оширилди. Яъни, бу борада меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча имзоланган «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмидаги «уч йил» деган сўзлар «олти йил» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Ушбу моддада айтилишича, болани парваришлаш таътилида бўлган даврда аёл ўз иш жойини (лавозимини) сақлаб қолади. Таътил иш стажига, шу жумладан мутахассислик бўйича иш стажига қўшилади. Аввалги таҳрирда жами уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат ҳисобга олинган, энди эса олти йилдан ортиқ бўлмайди.
Қайд этиш керак, «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари янада мустаҳкамланиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси «Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун билан тасдиқланган янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари.