Йўлларимиз равон, бехатар бўлсин

 

Маълумотларга кўра, 2021 йилда мамлакатимизда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган ва 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган, 2,5 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг 263 нафарини болалар ташкил этган ва бу ғоятда ачинарлидир.

Афсусланарлиси, вазият шу даражага етиб келган бўлсада, мутасаддилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, бунинг ортидан фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкини сақлашга қаратилган на аниқ бир чора-тадбирлар таклиф қилинди, на ишлаб чиқилди. Одамларни ларзага солган энг йирик йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин ҳам бонг урилмади. Аксинча, тадбирбозликлар билан чекланиб келинди. Вазият эса шу даражага келдики, тўғрисини айтганда, кейинги вақтда ота-оналар мактабга кетган фарзанди уйга соғ-саломат кириб келмагунча, ўғил ёки қизи автомобиль ҳайдаб кўчага чиқса, бирон кор-ҳолга учрамай қайтиб келмагунча юрак ҳовучлаб ўтирадиган бўлиб қолди.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида "Хавфсиз ва равон йўл" тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ вазият халқимизни қаттиқ ташвишга солаётгани таъкидланди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан йўл-транспорт ҳодисалари сабаблари, соҳадаги муаммолар комплекс таҳлил қилиб берилди. Президентимиз бу соҳага ҳам илмий ва таҳлил билан ёндашилса, кутилган натижага эришиш мумкинлигини таъкидлаб, пойтахтимизнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда 4 та автоҳалокат содир бўлган бўлса, 1 дона светофор ўрнатиш орқали ўтган йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилганини мисол қилиб келтирди.

Шу боисдан соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Илмий-амалий марказ ташкил этилиши маълум қилинди. Вилоятлардаги транспорт коллежларида ҳам худди шундай ҳудудий марказлар очилади, уларга ЙҲХБ бошлиқлари раҳбарлик қилади.

Эътиборлиси, масаланинг муҳимлиги инобатга олиниб, Бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва Ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, бундай комиссия ҳудудларда ҳам тузилади ва уларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади. Диққатга сазовор жиҳати, комиссиялар томонидан йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботи танқидий эшитилиб, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб борилади.

Давлатимиз раҳбари пойтахт ва йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида тезлик чекловлари илмий асосланган ҳолда белгиланиши лозимлигини қайд этди. Мисол учун, мактаб ва боғчалар олдида тезлик соатига 30 километрдан ошмаслиги шартлиги, айрим гавжум кўчаларда эса 60 километргача тушириш зарурати борлигини билдирди.

Йиғилишда йўл ҳаракати воситалари соҳасидаги ишларни молиялаштириш учун ЙҲХБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди. Негаки, ЙТҲларга кўп ҳолларда йўллар ҳолати ва инфратузилмасидаги муаммолар ҳам сабаб бўлмоқда. Мисол учун, транспорт воситалари серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 9,5 мингта пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб ўтаркан, Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини, бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этиши шартлигини маълум қилди.

Йўллар ҳолати ва инфратузилмасининг яхшиланиши, албатта, йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ЙТҲ энг кўп содир бўлишига айнан йўл инфратузилмасининг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Мухтасар айтганда, Президентимиз раислигида бугун ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқимиз кутаётган, истаётган таклифлар билдирилди, зарар чора-тадбирлар белгилаб олинди. Буларнинг барчаси йўлларимизда бахтсиз ҳодисалар юз беришининг олдини олишга, фуқароларимизнинг ҳаёти, мол-мулки хавфсизлиги ишончли таъминланишига хизмат қилади.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш