Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида “Депутат ёрдамчисининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида” мавзусидаги онлайин-видео семинар бўлиб ўтди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Қонунчилик палатасининг депутатлари сайлов округида ўз вакилига эга эдилар. Лекин улар партиянинг тегишли ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида тайинланиб, фаолият юритиши сабабли улар асосан сиёсий партия ишлари билан банд бўлиб қолиши ва бунинг натижасида депутатлар фаолиятига кўмаклашиш имконияти чекланган эди.
Бундан ташқари, депутат вакили институтининг қонун ҳужжатларида унинг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар, уни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби, депутат вакили фаолиятини молиялаштириш масалалари аниқ белгиланмаган эди.
Бу бўшлиқни тўлдириш мақсадида, 2004 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонун депутат ёрдамчиси тўғрисидаги 9−4-модда билан тўлдирилди.
Қонун 2021 йил 15 октябрдан кучга кирди.
Унда белгиланишича, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳаклидир.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунни 94-моддаси Депутатнинг ёрдамчиси нормаси билан тўлдирилди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Партиянинг минтақавий ва махаллий кенгашлари маъсуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ёрдамчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Б.Юсупов “Депутат ёрдамчисининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида” батафсил тушунчалар берди. Депутат ёрдамчисининг вазифалари, қонуний ҳуқуқлари, депутат ёрдамчисининг ишини ташкил этиш тартибига лоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темировнинг ёрдамчиси Жавлонбек Абдуллаев, депутат Елена Бабенко ёрдамчиси Бахром Қурбонов, депутат Урал Ўразбоев ёрдамчиси Даврон Эргашевлар сўзга чиқиб, бу борадаги ўз мулоҳазалари ва таклифлари билдириб ўтишди.
Қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар депутатларнинг ўз сайловчилари ва партия электорати билан ўзаро алоқаларининг янада кучайишига, депутат округдаги вазият, электорат кайфиятидан доимий равишда хабардор бўлиб туришига хизмат қилади.