Томчиси тиллога тенг

 

Бугунги кунда бутун дунёда ичимлик суви масаласи биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож.

Кўпчилик мамлакатларда миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, сув учун уруш-жанжаллар бўлаётган бир пайтда биз тоза ичимлик сувини жумраклардан оқизиб қўйиб, оби-ҳаётни беҳудага увол қиляпмиз. Керак бўлса, тоза ичимлик сувини ҳатто экинларимизни суғоришга, машиналаримизни ювишга, кўчаларга, ҳовлиларга сепишга ишлатамиз. Олдингдан оққан сувнинг қадри бўлмайди, деганими бу?

Тасаввур қилинг, хонадонингизда бир кун сув чиқмай қолса, қанчалар хуноб бўласиз, қанчалик қийналасиз. Энди, йиллаб, ойлаб сув келмайдиган ҳудудларда яшашни танингиздан бир ўтказиб кўринг. Шундай экан, ҳар томчиси тиллога тенг бўлган оби-ҳаётдан тежамкорлик билан, исроф қилмасдан фойдаланишимиз керак эмасми?

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда соҳадаги бугунги ҳолат, муаммолар чуқур таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Яхши биламизки, барча ижтимоий дастурларда бу масалага алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Охирги беш йилда мазкур соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бу даврда 6 миллион 500 минг аҳоли бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Жумладан, республикамиз бўйича ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб, 6 минг 300 километрга яқин тармоқлар тортилган. 592 та маҳаллада 2 миллиондан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланган.

Лекин, ҳали сув таъминоти яхшиланиши талаб этиладиган ҳудудлар ҳали кўп. Хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди. Шу боис, келгуси беш йилда бу соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув қамровини 35 фоизга етқазиш режалаштирилган. Жорий йилда бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм ажртатилади, 245 миллион доллар жалб этилади.

Давлатимиз раҳбари асосий эътибор сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларга қаратилишини таъкидлади. Мисол учун, 1 минг 545 та маҳаллада марказлашган сув тармоғи йўқ. Мутасаддиларга улардаги имкониятларни ўрганиб, уч хил йўналишда ишни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Аввало, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортилади. Иккинчидан, ерости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазилиб, сув иншооти қурилади. Учинчи йўналишга кўра, қудуқ қазиш ва қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда катта сиғимли ҳовуз барпо этилиб, сув ташиб келтирилади. Бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш чоралари ҳам белгиланди. Қайд этилганидек, сув иншоотлари қуриш, махсус транспорт ва ускуналар харид қилиш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз бўлади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади дедилар.

Шулардан келиб чиқиб, ижтимоий буюртма ва хусусий шерикларни танлаш ҳамда молиялаштириш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди. Ичимлик суви таъминоти кўрсаткичи республика бўйича энг паст – 43 фоиз бўлган Қашқадарё вилояти бўйича алоҳида дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Келгуси икки йилда 2 мингта боғча, мактаб ва тиббиёт муассасаларини ичимлик суви билан таъминлаш зарурлиги таъкидланиб, бунинг молиявий манбалари белгиланди.

Маълумки, соҳадаги лойиҳалар, асосан, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг инжиниринг компанияси томонидан ишлаб чиқилади. Энди бундай ишларни жадаллаштириш учун жамиятнинг ҳудудлардаги инжиниринг компаниялари вилоят ҳокимликлари тасарруфига ўтқазиладиган бўлди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудратчиларни аниқлаш ва молиялаштиришни очиш ҳам вилоятнинг ўзида бўлади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти лойиҳаларга техник талабларни белгилайди, экспертизадан ўтқазади ҳамда эксплуатациясига масъул бўлади.

Йиғилишда бугунги кунда 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз ҳолатга келгани ҳам таъкидлаб ўтилди. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган. Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш бўлгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган. Шу боис, бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Давлат геология қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Мутасадди идораларга қудуқларни хатловдан ўтқазиш, дарё бўйларини қаттиқ тартибга олиш бўйича кўрсатма берилди.

Туманларда эксплуатация тизимини яхшилаш ҳам долзарб масала. Кўп туманларда бунинг учун зарур бирорта техника йўқ. Шу боис, йиғилишда туман сув таъминоти ташкилотларининг имкониятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Унга кўра, бу соҳада пуллик хизмат турларини белгилаш ваколати ва улар бўйича тушумлар тўлиқ туман сув таъминоти ташкилотларига ўтказилади. Ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар бюджетларидан маҳаллий “Сувтаъминот” корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этилади.

Бухоро, Жиззах, Гулистон, Ширин, Янгиер каби 28 та йирик ва ўрта шаҳарда канализация тармоғи қамровини кенгайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида локал оқова-тозалаш иншоотларини қуриш зарурлиги айтилди.

Биргина жорий йилда Жиззах вилоятида тоза ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳаларга эътиборларингизни қаратадиган бўлсам, вилоят бўйича 305,2 км, 28 та объектларда дастлабки ҳисобий қийматда 146 915,0 млярд.сўм режалаштирилган, Жумладан, айримлари бўйича сўз юритадиган бўлсам, Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини ишга туширилади, Арнасой тумани “Чинобод” МФЙ ичимлик сув тармоқларини қуриш, Бахмал тумани “Музбулоқ”, “Нурафшон”, “Узунқудуқ” ҚФЙларида ичимлик суви тармоқлари ва иншоотлари қуриш, Янгиобод тумани “Ховотоғ” ҚФЙ да ичимлик суви тармоқлари ва иншоотларини қуриш, Шароф Рашидов тумани “Халқобод”, “Тараққиёт” ва “Маданият” МФЙларида ичимлик суви тармоқлари ва иншоотларини қуриш ва қайта қуриш, Зарбдор тумани “Чорвадор” МФЙ, Фориш тумани “Омонгелди”, “А.Еримбетов” ҚФЙ, “Хонбанди” МФЙ, “Осмонсой”, “Ўзбекистон”, “Э.Камолов” ва “Болтали” аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқлари ва иншоотлари қурилади.

Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган бу вазифалар ижросини таъминлашда биз депутатлар, ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари олдига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни қўяди. Депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, партия дастури ва сайловолди платформасидан келиб чиқиб, айнан шу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришимиз бугунги кундаги долзарб вазифаларимиз қаторига киради.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш