Юртимизда куз-қиш мавсуми бошланиши билан ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, носоз газ мосламалари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар кўпаяди. Ачинарлиси, бунинг оқибатида инсонлар ҳалок бўляпти, одамларнинг мол-мулкига зарар етяпти.
Мутахассисларга кўра, бундай кўнгилсиз воқеаларга аксарият ҳолларда белгиланган қоидаларга амал қилмаслик, уйларда ва хўжалик биноларида ишлатилиши ман этилган мосламалардан фойдаланиш, газ мосламаларини вақти-вақти билан назорат қилиб турмаслик ва текширувдан ўтказмаслик сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда айтиш керак, ҳукуматимиз томонидан куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳоли ва ижтимоий объектларни табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, газ бормаган жойларга кўмир етказиб беришни йўлга қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айниқса, суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими яхши йўлга қўйилди ва бу жойларда аҳоли томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Биламизки, суюлтирилган газ ушбу мақсад учун махсус ишлаб чиқарилган баллонларда, махсус автомобилларда етказиб берилади ва ўрнатилган тартибда барча хавфсизлик чоралари кўрилади. Махсус текширув назоратидан ўтган ва тегишли сертификатга эга баллонлардан фойдаланиш хавфсиз, инсон соғлиги ва атроф-муҳитга зарар етказмайди.
Бироқ, фуқаролар томонидан келиб чиқиши номаълум, носозлиги кўриниб турган газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди ва афсусланарлиси, кўза кунда эмас, кунида синади, деганидек, бу ишларнинг оқибати фожиа билан тугамоқда. Бунга яқинда Андижон вилоятида инсон ўлимига сабаб бўлган носоз газ баллони портлаб кетганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Юқорида айтилганидек, ҳозирда соҳа ташкилотлари томонидан ҳатто чекка ҳудудларга ҳам суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Узлуксизликни таъминлаш чоралари кўриляпти. Бу борада эътирозларни қабул қиладиган махсус ишонч телефонлари ташкил этилган. Эътиборлиси, ишончли газ баллонлари ҳам газ корхоналари томонидан етказиб берилмоқда. Шунда бир пайтда, носоз, маънан эскирган газ баллонларидан фойдаланишга асло ҳожат йўқ. Бундай йўл тутиш қимматга тушишини барчамиз эшитиб, кўриб турибмиз. Шундай экан, ўзингизни, яқинларингизни ҳаётига хавф соладиган носоз газ баллонларидан фойдаланмасликка чақирамиз.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати