Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди

 

Юртимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Албатта бу, мамлакатимиз учун бебаҳо бойлик ва имконият бўлиш билан бирга эртамиз эгалари олдида катта масъулият борлигини ҳам англатади. Ёшларга қаратилган эътибор, яратилган имкониятлар эса келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиз.

Шу боисдан мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиляпти. Бу борада айниқса, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш соҳасида катта имкониятларни очди. Қонун билан давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари ҳуқуқий томондан мустаҳкамлаб қўйилди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида ёшларимизнинг пухта таълим-тарбия олишлари, спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишлари, иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришлари, касб-ҳунар ўрганишлари ва бандлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган чора-тадбирларга кўра катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Когон шаҳар касб-ҳунар мактабида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Когон шаҳар кенгаши, шаҳар ҳокимлиги, бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёшлар бандлигига кўмаклашамиз” мавзусида ташкил этилган семинарда ҳам ушбу масалалар муҳокама марказида бўлди.

Семинар иштирокчилари касб-ҳунар мактаб битирувчиларини бандлигини таъминлаш, уларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар бериш, ишга жойлашишда кўмаклашиш борасида мутасаддилар олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, ёшлар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилганда, уларга мос, қизиқишларини инобатга олинган ҳолда бўш иш ўринлари таклиф этилиши самарали бўлиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбатида муҳокама этилган масала юзасидан тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш