Ялпи мажлисда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси амалдаги қонунлардаги мавжуд тушунчаларни, қурол турлари ва уларнинг ҳуқуқий мавқеини “Қурол тўғрисида”ги Қонунига мувофиқлаштиришга, қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида давлат томонидан тартибга солишга ва назоратни амалга ошириш вазифаларини Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ҳуқуқий жиҳатдан ўтказилишини таъминлашга, қурол муомиласи билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чораларининг ўрнатилишига қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Кеча Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши танаффус вақти билан 7 соатдан ортиқ давом этди. Ҳақиқатан ҳам кун тартибидан чуқур таҳлил, атрофлича ўрганиш талаб этиладиган масалалар ўрин олганди. Ҳар бир қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш, уларни талаб даражасида меъёрига келтириш, турли хил қарашлар асосида маъқул қарорни қабул қилиш албатта, осон ва қисқа дақиқаларда ўтадиган жараён эмас.
Ялпи мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг ҳисоботи билан бошланди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова маълумотига кўра, Омбудсман 11257 та мурожаатни ўз иш юритувига олиб, уларнинг 2517 таси ёки 23 фоизи ижобий ҳал этилди. Ўтган йили Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 36 та хулоса, 14 та тақдимнома ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб судларга 44 та даъво аризаси киритилди. Умумий ҳисобда Омбудсманнинг 2021 йилда таъсир чораларини қўллаши натижасида унинг самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошди. Ўтган давр мобайнида Омбудсман Котибияти ходимлари 108 марта судларда кузатувчи сифатида иштирок этди.
Эшитув давомида Омбудсманга депутатлар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида тиббий хизмат пунктларини ички ишлар тизимидан алоҳида ажратиш, ишдан бўшатилган ходимларни оқланганларидан сўнг ўз иш жойига қайтариш, қайта мурожаатлар сони ортгани, маҳкумлар мурожаатлари бўйича саволлар бўлди, уларга батафсил жавоб берилди.
Мажлисда, шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳисоботидан сўнг Спикер Нурдинжон Исмоилов комиссия шу давр мобайнида қандай аниқ ташаббус ва таклифлар билан чиқди, қонун ижодкорлиги жараёнида уларнинг иштироки қандай бўлди, деган саволларни ўртага ташлади. Ёшларнинг чуқур билим олишига ёрдам бериш, талабаларга яратилган шароитларни ўрганиш, онлайн тизимда ўқитиш жараёнларини таҳлил қилиш, ёш олимларга муносиб шароит яратилиши масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Киритилаётган парламент сўровларида улар фақат иштирокчигина бўлиб қолмай, ташкилотчи ва ташаббускор бўлиши айтиб ўтилди.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Ёшлар парламенти раиси Шаҳноза Жолдасованинг ахборотига кўра, 2021 йилда Қонунчилик палатасига киритилган лойиҳалар юзасидан 87 та таклиф тайёрланган бўлиб, улардан 27 таси инобатга олинган.
Шунингдек, халқ вакиллари “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишди.
– Мазкур ҳужжатда биноларни турар жой сифатида таснифлаш, турар жойлар ва нотурар жойлар тоифасига ўтказиш, уй-жой фондини ҳисобга олиш ва турар жойларни фонддан чиқариш, давлат уй-жой назорати, хусусий уй-жой фондининг турар жойларидан фойдаланиш ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда, – дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров. – Қонун лойиҳасига уй-жой қуриш, кўп хонадонли уйларни қайта қуриш ва қайта режалаштириш, фуқароларни турар жой билан таъминлаш, уй-жой кооперативларини ташкил этиш ва кооператив уйлардан турар жой олиш ва улардан фойдаланиш бўйича аниқ меъёрлар киритилмоқда.
Эътиборли жиҳати, қонун лойиҳаси билан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил давлат уй-жой сиёсати амалга оширилади. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари давлатимиз қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузмаган ҳолда уй-жой соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Агар турар жойни қайта қуриш ёки қайта режалаштириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилса ҳамда ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирган ҳаракат бўлса, уларни амалга оширган шахс қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Биламизки, одатда эскирган, таъмирталаб, реконструкцияга муҳтож уй-жойлар бузилиши кузатилади. Албатта, бу жараёнлар эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволи янада қийинлашишига сабаб бўлади. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши айнан аҳолининг ушбу қатлами манфаатлари мустаҳкам ҳимоя этилишига хизмат қилади. Бу албатта, бизнинг партиямиз дастурий мақсадларига ҳам мос келади. Шу жиҳатдан мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаймиз.
Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Депутатлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилишди.
Таъкидландики, мазкур қонун лойиҳаси билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади. Шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш ва бошқа давлат фуқароларининг бизнинг давлатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилиш тартиби ягона қонунда тизимлаштирилган ҳолда жамланади.
– Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланяпти, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев. – Соҳада қўлланилиб келинаётган тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда. Уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштирилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш ва ушбу соҳада аниқ мониторинг олиб боришга хизмат қилади.
Тўғриси, чет элда ишлаб юрган ва қайтган шахсларни кўплаб масалалар ўйлантиради, ташвишлантиради. Ишлаш жараёнида улар қанча муаммога дуч келади ёки юртимизга қайтишганда шароитга мослашиш, вазиятларни таҳлил қилиш, талабларга жавоб берадиган механизмларни тушунишга қийналишади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бу жараёнларни тизимлаштириш ва тартибга солишга хизмат қилади. Шу орқали фуқароларга енгиллик яратилади, муносиб шароит таъминланади.
Мажлисда атрофлича муҳокама қилинган шу ва бошқа қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 16.02.2022, №7