“Растаможка”, яъни бир мамлакатдан бошқасига олиб кирилаётган товар моддий бойликлари учун жорий этилган тўловнинг халқимиз орасидаги номи. Охирги кунларда ушбу сўз кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Яъни, Ўзбекистонга автомобиль олиб кираётганда уни “божхона расмийлаштирувидан” ўтказиш суммасининг миқдори 30 фоиздан 15 фоизга туширилиши кутилмоқда.
Бу ҳақида Президентимиз 14 февраль куни машинасозлик саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлади. Тизимни ривожлантириш, истеъмолчилар талабини тўлиқ қаноатлантиришга оид қатор чора-тадбирлар ҳам кўрсатиб ўтилди.
Таъкидландики, Тараққиёт стратегиясига кўра, автомобиль саноатида кооперацияни янада ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4, экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсади белгиланган. Йиғилишда бунга эришиш йўлидаги жорий йилги вазифалар муҳокама қилинди.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Давлатимиз раҳбари, аввало, аҳоли талабларига эътибор қаратди ва бу йиғилишнинг асосий моҳиятини ташкил этди. Автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берди. Ҳозирги кунда навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланадиган бўлди. Буни халқимиз кутганди. Чунки улар йиллар давомида йиғиб терган пулини автоулов учун тўлаб қўйиб, яна 8-10 ойлаб уни кутиши бироз ноҳақлик эди.
Йиғилишда, шунингдек, яна кўплаб масалалар ҳақида сўз борди, топшириқлар берилди. Бироқ аҳолининг кўпроқ эътиборини тортган жиҳати халқимизга танлаш имкониятини яратиш мақсадида импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга пасайтириш бўйича ҳукуматга топшириқ берилгани бўлди.
Шу ўринда Ўзбекистонда хорижий автомобилни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш билан боғлиқ айрим ҳақиқатларга тўхталсак. “Растаможка” нархи бир эмас, бир қанча омилларга боғлиқ бўлиб, автомобилнинг ёши ва нархи, ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинган мамлакат, двигатель тури ва ҳажми инобатга олинади. Яна бир муҳим жиҳати, барча божхона тўловлари AҚШ долларида ҳисобланади ва Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича ўзбек сўмида тўланади.
Аммо тўловлар шу билангина тугайди, деб ўйлаганалар адашади. Чунки божхона тўловлари ва расмийлаштируви йиғимларидан ташқари, импорт қилувчи 15 фоиз ҚҚС, шунингдек, утилизация учун ҳам ҳақ тўланади. Табиийки, бу борада ҳам маълум талаб ва тартиблар жорий этилган. Унга кўра, божхона чегарасида автомобилнинг нархи олди-сотди шартномаси (инвойс-сертификат) ёки халқаро нархлар каталоги бўйича белгиланади. Шунингдек, ушбу суммага утилизация йиғими ва автомобилни божхона чегарасигача олиб ўтиш харажатлари қўшилади.
ҚҚС автомобилнинг умумий божхона қийматига 15 фоиз миқдорида тўланади (автомобиль қиймати божхона бўйича + транспорт харажатлари + утилизация тўлови + божхона тўлови). Яна ҳам ойдинлаштирилса, машинанинг базадаги нархидан 30 фоиз ёки 40 фоиз (эски ёки янги машиналигига қараб) божхона божи + $1,8-3,0 ҳар бир куб.см + 15 фоиз ҚҚС + утилизация тўлови кўринишида бўлади. Чет элдан автоулов сотиб оладиганлар диққатига, янги машиналарга бож - 30 фоиз, эскилари учун 40 фоизни ташкил этади.
Айтайлик, 10 000 АҚШ долларига автомобиль сотиб олдингиз. Унда сиз яна қўшимча қуйидагилар учун ҳам пул тайёрлаб қўйинг. Яъни:
— машина қийматидан бож 30 фоиз=3,000$
— машина мотор ҳажмидан 1.8$ дан=1000сс-1,800$
— ҚҚС 15 фоиз=1,500$
— утилизация йиғими БҲМнинг 30 баробар=7,350,000 сўм=680$
шуларнинг умумий суммаси 6,980 долларни, бугунги курс билан 75 802 800 сўмни ташкил қилар эди.
Берилган топшириқ асосида белгиланган бож қиймати камайтирилса, автоулов учун 30 фоиз божнинг ўрнига 15 фоиз тўланади. Бу бошқа мажбурий тўловларга тааллуқли эмас. Шунда юқорида ҳосил бўлган суммадан 1,5 минг АҚШ долларини олиб ташлаймиз. Натижада 10 000 га олинган “тойчоғ”ингизни 5,480 доллар эвазига Ўзбекистонда ҳайдаб юриш ҳуқуқига эга бўласиз.
ИККИНЧИ ҚЎЛ ХОРИЖИЙ АВТОМОБИЛЛАРНИНГ ИМПОРТИ ҚАНДАЙ?
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Ишлатилган хорижий автомобилни Ўзбекистонга олиб киришда божхона расмийлаштируви тўловлари автомобиль нархининг камида 120-150 фоизини ташкил қилади ва бу аслида тақиқланади. Шунга қарамай, Эркин савдо зонаси тўғрисида битим тузилган мамлакатлар учун божхона расмийлаштирувининг имтиёзли тартиб-қоидалари мавжуд. Жумладан, Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украинада ишлаб чиқарилган автомобиллар учун божхона имтиёзидан фойдаланишга рухсат берилади. Бунда импорт қилинган автомобиль учун СТ-1 келиб чиқиш сертификатини тақдим этиш керак. Бу сертификат ишлаб чиқарувчи ёки экспорт қилувчи мамлакатнинг маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошса ва тўлиқ йиғиш цикли бўйича амалга оширилган тақдирдагина берилади. Демак, Россияда ишлаб чиқарилган, яъни йиғилган BMWни Ўзбекистонда пасайтирилган ставкада расмийлаштириб бўлмайди. Мисол учун, Россияда Toyota ёки Hyundai автомобиллари 50 фоиздан кўпроқ маҳаллийлаштирилган. Шунга қарамасдан, Россия Савдо-саноат палатаси ушбу автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун СТ-1 сертификатини бермайди.
Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ишлаб чиқарилаётган автомашина ўз ватанидан олинса, уларга имтиёзлар берилади. Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган ZAZ, Lada, УAЗни имтиёзли асосда олиб кириш мумкин. Сабаби, Toyotaнинг ватани Япония бўлса, Hyundai эгаси Корея ҳисобланади.
Масалан, айни пайтда Lada Vesta Comfort/Image 5МТ Ўзбекистондаги расмий дилердан 12 850 долларга сотиб олиш мумкин. Россияда эса 645 900 рубл ёки мамлакат Марказий банки курси бўйича 11 370 доллар туради. Бу суммадан кўриниб турибдики, ўзингиз олиб кирганингизда машина нархи анча ортиб кетади.
Нархлардаги пастлаш йиллар давомида кутилган масала аслида. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу чораларни дастлабки йирик қадам сифатида қабул қилиш мумкин. Чунки ҳар бир импорт автомобили учун 50 фоиз кам бож тўланишининг ўзиёқ келгуси яхши янгиликларга умид уйғотади.
МАШИНАСОЗЛИКДА КЛАСТЕР ТИЗИМИ
Видеоселектор йиғилишида машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантириш лозимлиги таъкидланди. Бу тизим “инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис” занжирини қамраб олади. 8 та машинасозлик корхонаси, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи, Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтларини умумий мақсад йўлида бирлаштиради.
Бу ҳам бевосита автомобилсозликдаги нархнинг пасайишига, янги корхоналар ҳисобидан кўплаб иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Ташқаридан кирувчи машиналар кўпайиши рақобатни юзага келтиради, рақобат эса сифатни яхшилайди. Босқичма-босқич ишлаб чиқариш ҳажми оширилиб, олдиндан тўланадиган маблағ миқдори қисқартирилади. Мана шу чораларнинг ўзиданоқ навбатлар тўлиқ бартараф этилади, деб умид қиламиз.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 16.02.2022, №7