Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари қўмитаси Тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш истиқболлари масалаларига бағишлаб давра суҳбати ўтказди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Таъкидландики, келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида бир қатор концепция ва дастурлар, 13 та кодекс, 12 та қонун ва ўнлаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган. Кўпгина соҳалар қатори мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим мақсад ва вазифалар ҳам қамраб олинган.
– Биз масъулиятли даврда яшаяпмиз, – дейди қўмита раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова. – Ҳаётимизнинг бурилиш нуқтасидамиз, десак ҳам муболаға бўлмайди. Ўтган 5 йилда Ҳаракатлар стратегияси барча соҳаларда қарорларимиз учун асос яратди. Унинг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегияси аҳоли фаровонлиги учун сиёсий-ҳуқуқий асосларнинг янада такомиллашишига хизмат қилади. Инсоннинг барча ҳуқуқлари кафолатланган фуқаролик жамияти ижтимоий муҳитга жиддий таъсир қилади. Айниқса, тиббиёт соҳаси туғилишдан ўлимгача бўлган даврни қамраб олади. Бу борадаги ҳар бир ўзгариш, ҳар бир белгиланган чоратадбирлар барчамизга тегишли. Албатта, бугун давр қатъий вазифаларни олдимизга қўймоқда. Уларни кенг аҳоли вакилларига етказиш, сифатли тиббий хизматни ташкил қилиш, стратегияда белгиланган мақсадлар бўйича чоратадбирлар белгилаб олишимиз, уларни амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Илҳом Аслонов 2016-2021 йилларда соҳада улкан ишлар амалга оширилгани, аҳолининг умр кўриш даражаси 73-75 ёшга ортгани, сил касалликлари ва бошқа хавфли касалликлар билан касалланиш ҳолатлари, оналар ўлими камайгани, тизимга ажратиладиган маблағлар оширилганини айтиб ўтди.
30-35 ёшдаги аёллар ўртасида сут бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олиш, қон босими мунтазам ошиб турадиган беморларга зарурий дори воситасини бепул тарқатиш, олис ва чекка ҳудудларда тиббиёт пунктлари, республика ҳудудларида тиббиёт кластерларини ташкил этиш, туманларда беморлар рўйхатини шакллантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Қўмита аъзолари қишлоқ врачлик пунткларида бирламчи дори воситалари етишмаслиги, йил бошида шошилинч тиббий ёрдам машиналари учун бензин топилмагани ёки етишмаслиги натижасида муаммолар келиб чиққани, кадрлар масаласидаги камчиликлар ҳамон кузатилаётгани ҳақида айтиб ўтишди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шавкат Казакбаев аҳоли саломатлигини яхшилаш, олис ҳудудларда яшовчи, ногиронлиги бор, оғир турмуш шароитидаги ёлғиз, қаровчисиз фуқароларнинг соғлигини тиклаш масалалари ҳамиша эътиборда эканини қайд этди.
Депутатлар вазирлик вакилига онкологик касалларнинг донаси 3-3,5 миллион турадиган дориси учун маблағ ажратиш, ёрдам ташкил қилиш таклифини билдиришди. Шундай беморларга маблағ ажратилмаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлаётгани таъкидланди.
Тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева соҳадаги айрим муаммолар, кадрлар, мутахассислар етарли эмаслиги, олий таълимни битираётган ёшларнинг кўпчилиги қишлоқ ҳудудларида юкламалар кўплиги сабабли ўз иш жойларини тарк этишлари, натижада олис ҳудудларда кадрлар тақчиллиги ҳамон кузатилаётгани, шифокорлар учун муносиб шароит яратиш масалаларида фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилган. Бу борада туғруқ комплексларида рўйхат асосида реконструкция ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, янги ташкил этилган туманлараро перинатал марказларни зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш, кадрларни чет эл мамлакатларининг илмий марказ ҳамда клиникаларида мақсадли тайёрлаш алоҳида аҳамият касб этади. Давра суҳбати иштирокчилари вазифалар ижросида масъул вазирлик ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш лозимлигини таъкидладилар.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 16.02.2022, №7