Аҳолининг йилдан йилга кўпайиб бораётгани, урбанизация жараёнларининг кучайиб бориши қишлоқ хўжалиги экини майдонларининг қисқариб боришига, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш масалаларига кескин таъсир қилмоқда. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари бу борада жиддий синовларни бошдан ўтказаётгани ҳам сир эмас.
Эътиборлиси, мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш мақсадида аграр соҳада туб ислоҳотларни ўтказишга киришди. Бу ҳақда гап кетганда, республикамизда дон мустақиллигига эришиш Дастури қабул қилингани ва муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Албатта, озиқ-овқат хафсизлигини таъминлаш ҳаёт-мамот масаласидир. Шу боисдан, мазкур соҳа давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бу борада соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиб бериш борасида барча чоралар кўриляпти. Бу ҳақда гап кетганда, биргина сўнгги уч йилда давлатимиз раҳбарининг чорвачилик тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида тўртта, хусусан 2022 йил 8 февралда “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш керак.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган уч йил давомида чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди, чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилиб, 4,5 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди. Наслчилик хўжаликлари сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди ва чорва моллари сони 1,2 миллионга кўпайди. Шунинг билан бирга, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор долзарб вазифалар мавжуд.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим тармоғи – чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳар кунгидан ҳам долзарб ва устувор масала экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари пандемия давом этаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби омиллар дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига сабаб бўлаётгани, ушбу омилларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, тегишли чора-тадбирларни кўриш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Эътиборлиси, соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши таъкидланиб, хусусан, биргина 2022 йилда чорвачилик ва пиллачиликда жами 1 миллион 650 мингга иш ўрни яратиш имконияти борлиги маълум қилинди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига бўлган талабни қондириш учун 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган тизимли ишлар бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Кооперация орқали чорвани кўпайтириш, аҳолига чорва ва паррандалар тарқатиш йўлга қўйиш қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан маҳсулот тўқиб, даромад топишга рағбатлантириш чораларини кўриш шундай вазифалардандир.
Йиғилишда Президентимиз ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси, томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси ҳақида тўхталиб, бу тажрибаларни оммалаштириш лозимлигини таъкидлади.
Диққатга сазовор жиҳати, бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади. Шунга кўра, паррандачилик корхонаси аҳолига 50-100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси асосида аҳолига чорва ва паррандалар тарқатиш, 15 мартга қадар ҳар бир туманда камида 5 тадан маҳаллада Миришкор тажрибаси йўлга қўйилади.
Жорий йилнинг 1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш, 1 июнга қадар Тахиатош тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камида 2 тадан лойиҳани ишга тушириш, 1 сентябрга қадар ҳар бир вилоятда камида 2 мингтадан хонадонга наслли чорва молларини тарқатишни ташкил этиш ҳам муҳим чора-тадбирлар сифатида белгилаб берилди.
Муҳим янгилик сифатида наслли қўйларни кўпайтириш учун ҳоким ёрдамчиси тавсия билан гаров таъминотисиз 50 млн сўмгача кредит берилишини, қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан маҳсулот тўқиб, даромад топишга рағбатлантириш чоралари кўрилишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бунда кредитлар қулай шартлар асосида жун ва сут йўналишида наслли қўй ва эчки харид қилиш, чорвачилик хўжаликлари томонидан аҳоли хонадонларидан жун ва сут маҳсулотларини сотиб олиш, ем озуқа, шунингдек сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш мақсадлари учун берилади. Таъкидланганидек, ушбу кредитлар ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз ажратилади, кредит фоизининг ярмини қоплашга компенсация берилади. Умуман олганда, жорий йил якунига қадар наслли қўй кўпайтириш бўйича 133 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда чорва маҳсулдорлигини ошириш, наслчиликни яхшилаш, умуман, соҳага илм ва илғор тажрибаларни жорий этишда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг роли кучайтирилиши таъкидланди. Ушбу институт мақоми оширилади, унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилади.
Таъкидландики, 2022 йилда халқаро молия ташкилотларидан 500 миллион доллар жалб этиб, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларига йўналтирилади. Йил якунига қадар 105 та, келгуси йилда 130 та пахта ва ғалла кластерларининг ҳар бирида камида 500 ва 1 минг бошли чорва комплексларини ташкил этилади. Ўн кун муддатда кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилиб, ушбу мақсад учун 100 миллион доллар йўналтирилади.
Вилоят ҳокимлари 2022 йилда қоракўлчилик, қўйчилик, эчкичилик ва жун саноатини ривожлантириш ҳисобига 150 минг аҳоли бандлигини таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Йил якунига қадар 123 та йирик лойиҳани ишга тушириш, ҳар бир кластерда камида 500 бошли чорва комплекслари ташкил этилиш чоралари белгилаб олинди.
Чорвачилик ва пиллачилик соҳаларидаги чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи масъул ва жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди. Туман ҳокимлари, аграр соҳа раҳбарлари учун чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, пилла ва жун саноати йўналишида ўқув семинари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Мухтасар айтганда, Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳага замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтиришга, халқимизни сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга, соҳада тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.