Аёллар бандлиги таъминланмоқда

 

Наманган шаҳрида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлашда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши ўртасида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улар маҳаллаларда бамаслаҳат ва ҳамкорликда иш олиб бориб, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган хотин-қизлар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича самарали ишларни амалга оширмоқдалар.

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ва Янги Наманган тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинидаги хоким ёрдамчиси Зохиджон Исманбаев, “Аёллар дафтари” юритилиши бўйича Вилоят штаби масъул ижрочиси Шавкат Қаҳҳоровлар ҳамкорлигида Наманган шаҳар “Ишга марҳамат” моно-маркази “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида амалий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўз олган Наманган шаҳар “Ишга марҳамат” моно-маркази директори Динора Якубова, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мўътабар Қозиева, “Аёллар дафтари” юритилиши бўйича Вилоят штаби масъул ижрочиси Шавкат Қаҳҳоров ва Янги Наманган тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинидаги хоким ёрдамчиси Зохиджон Исманбаевлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот бериб ўтдилар. Шунинг билан бирга, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувида фаоллиги ошганини қайд этилди.

Лойиҳа доирасида Янги Наманган тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Аёллар дафтари” рўйҳатига олинган хотин-қизларга “Ишга марҳамат” моно-марказининг малакали ўқитувчилари томонидан аёллар сочини турмаклаш, тикувчилик, қандолатчилик, ошпазлик йўналишлари бўйича, шунингдек “Ёшлар дафтари” рўйҳатига олинган ёшлар эса компьютер саводхонлиги, эркаклар сартароши бўйича амалий машғулотлар ўтказилиб, уларга бўш вақтларидан уй шароитида ҳам унумли фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди. Шунингдек иштирокчилар “Ишга марҳамат” моно-маркази ҳудудида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишиб, у ерда томчилаб суғориш асосида помидор, бодринг етиштириш бўйича ўзларига тегишли тавсиялар олдилар.

Тадбир якунида “Ишга марҳамат” моно-марказида тикувчилик йўналиши бўйича таълим олаётган Вилоят кар-соқовлар жамиятининг бир гуруҳ хотин-қизлари ҳамда Янги Наманган тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Жаҳонгир Абдуназаровлар партиянинг аъзолик сафига қабул қилиндилар ва тадбир ҳамкорларига Вилоят партия кенгашининг ташаккурнома, эсдалик совғалари топширилди.

 

Сарвиноз ЭШАЛИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Ёшлар ва Хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш