Яшаш ҳуқуқи муқаддас. Қатъий текширув зарур

 

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида милиция ходимлари томонидан олиб кетилган шахснинг жасади келгани ҳақида тарқалган хабар жамоатчиликни ларзага солди.

Хабарларига кўра, икки фарзанднинг отаси бўлган Юсуф Султонов 11 февраль куни соат 17 ларда маст ҳолатда аввал ўзи истиқомат қилган хонадонда, сўнг қўшни хонадонларда жанжал кўтарган. Қариндошларнинг Миришкор тумани ИИБга мурожаати ортидан “Чандир” МФЙ га бириктирилган участка профилактика нозири Суннатилло Дониёров томонидан олиб кетилган. Юсуф Султоновнинг жасади эрталаб уйига олиб келинган ва марҳум тупроққа берилган.

Миришкор тумани “Чандир” МФЙда яшовчи фуқаронинг Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида вафот этганлиги ҳолати юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари юзасидан вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилгани қайд этилади.

Миришкор туман ҳокимлигининг қайд этишича, суд тиббий экспертиза хулосасида марҳум ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси, алкогол комаси натижасида вафот этган. Танасида жароҳатлар йўқ.

Инсоннинг энг устувор ҳуқуқи – яшаш ҳуқуқидир. Ҳеч бир ҳуқуқбузарлик, жиноят ёки хато унинг бу ҳуқуқдан маҳрум этилишига асос бўла олмайди. Марҳум ичган, жанжал кўтарган, ички ишлар ходими томонидан олиб кетилган ва вафот этган. Бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қарши шаҳар прокуратурасидан мазкур ҳодисани қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда текширишни сўрайди. Текшириш натижалари тафсилотлари билан жамоатчиликка маълум қилиниши зарур.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш