Барчамизга яхши маълумки, ўтган беш йил давомида мамлакатимизда барча жабҳаларда ислоҳотлар механизми самарали ишлаганлиги бугунги кунда яққол намоён бўлиб турибди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг(Омбудсман) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини олдини олишга қаратилган фаолият” доирасида амалга оширган ишлари мисолида инсон қадрини улуғлаш тамойиллари ўз аксини топганлигини кўриш мумкин.
Дарвоқе Муҳтарам Президентимиз томонидан 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йили деб эълон қилинишида катта маъно бор. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жорий йилда ҳам улкан ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўтган йил давомида “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини олдини олишга қаратилган фаолият” мезонида амалга оширилган бир қанча ишларни тилга олсак арзийди. Жумладан қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони 101тага ошганлиги яъни 2021 йилда мониторинглар сони 76 маротаба бўлса, 2021 йилда бу рақам 177га етганлиги бу борада сезиларли даражада ўсиш борлигини билдиради. Шунингдек яна бир таҳлилни кўриб чиқайлик. Маҳкумлар(маҳбуслар) ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан Омбудсман номига келиб тушган мурожаатлар 2020 йил 1563 тани ташкил этган эди. Бу кўрсатгич 2021 йил 6104тани ташкил этганлигини кимдир салбий маънога йўйиши мумкин. Аммо буни фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ўсаётганлиги, ошкоралик таъминланаётганлиги натижаси деб тушинсак адолатли бўлади.
Мониторинг ташрифлари жараёнида жамовий учрашувларда 4,5 мингдан ортиқ махкумлар билан, якка тартибда эса 758 нафар маҳкум билан суҳбатлар ўтказилганлиги фойдадан ҳоли бўлмади, албатта. Маҳкумларнинг яшаш шароитлари, овқатланиш, меҳнат қилиш жараёнлари, тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда таълим –тарбия ишлари ўрганилиши натижасида умумий ҳолат ойдинлашди ва тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Мониторинг ташрифлари ўзинг самарали натижаларини беришига шубҳа йўқ. Чунки йилдан-йилга жазо муассасаларига бундай мониторинг ташрифлар сони ва талаблари ошиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Бу ўз навбатида жазони ўтаётган маҳкумлар тўғри йўлга тушиш зарурлигини тушиниб, озодлик чекловларидан кейин жамиятда ўз ўринларини топишларида муҳим маъно касб этади. Шунингдек маҳкумларга адолатли муносабатда бўлиш уларнинг кейинги хаётларида тузалиш йўлига ўтишларида катта рол ўйнаши шубҳасиздир.
Хулоса қилиб айтганда “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини олдини олишга қаратилган фаолият”ни янада жонлантириш ва бу борада жаҳон андозаларига мос ислоҳотларни жорий этиш бугунги куннинг талабидир!
Муқаддас Ўрозалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.