Давлатимиз раҳбари томонидан кечагина Инсон қадрига қаратилган яна бир муҳим Фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат ногиронлиги бўлган шахслар айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндошувларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мазкур Фармонда 2022 йил 1-апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғда ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олганда ҳолда — 440 000 сўмдан 622000 сўмгача оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек,
— ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500000 сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилиши;
— парваришлаш нафақасини тўлаб бериш ва етказиб бериш ҳаражатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши;
— парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қаратилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланиши ва тўланиши белгиланмоқда.
Аҳамиятли томони шундаки, 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизимини жорий этилиши масъул вазирликларга топшириқ сифатида кетган. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олишга, қоғозбозликнинг чек қўйилишига хизмат қилади.
Фармондан келиб чиқиб манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Давлат дастурида ҳам “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши белгилаб берилган.
Муҳтасар қилиб айтадиган бўлсак, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар ва 18 ёшгача ногирон фарзандлари бор кўплаб оналарни қувонтириши шубҳасиз.
Шунингдек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий ҳимоянинг амалда ижроси таъминланишига ва электорат манфаатларига хизмат қилади. Аҳамиятли томони, юртимизда Инсон қадри улуғланаётганлигининг амалдаги ижроси қанчадан қанча оилаларга шодлик ва меҳр-муҳаббат олиб киришига ишонамиз.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.