Ногиронлар ижтимоий ҳимояланади

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш барча ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятига айланди. Айниқса, ўзгалар парвариш ва кўмагига муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, давлат қарамоғига олиб, моддий-маънавий кўмаклашиш, ўксик кўнгилларга таскин бериш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият сифатида янги паллага кирмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам юртимизда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ҳар томонлама кўмак бериш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган.

Тарихий аҳамиятга эга мазкур ҳужжатга асосан меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг 622 минг сўмгача оширилганлиги қувонарли холдир. Бу тоифага кирувчилар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг электорати вакилларидир. Улар бундан хурсанд бўлдилар.

Биргина Қашқадарё вилоятида 48 минг 100 нафар ижтимоий нафақа олувчилар бор. Шундан 34 минг 300 нафари ногиронлик пенсияси олувчилардир.

Бундан ташқари жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бор 18 ёшгача бўлган болаларнинг парвариши билан банд қонуний вакилга ҳар ойда 500 минг сўм миқдорда нафақа тулови жорий этилиши ногиронлар ижтимоий ҳимояланганлигининг амалдаги исботидир.

2022 йил 1 апрелдан Фармон кучга кирганидан кейин ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда доимий парваришга муҳтож бўлган болаларнинг турмуш шароити ҳамда моддий таъминоти яхшиланади.

Бу эзгу амал айни пайтда юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатига уйғун тарзда халқимизнинг бугундан рози, эртасидан хотиржам бўлиб яшашига замин яратади.

 

Музаффар Туропов,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш