Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг: “Биз “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилда камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, деган сўзлари ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклаши табиий. Зеро янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида ҳам адолатли меҳнат ҳақи тўланадиган иш ўринлари яратиш, инсон қадрини улуғлаш борасида бир қатор вазифалар таъкидлаб ўтилган. Инсоннинг турмуши бекаму кўст бўлиши, бахтли яшаши эса доимий даромадга эга иш жойига эга бўлиши билан узвий боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки инсон эрталаб ишга шошса, кечки пайт уйига, оиласига интилса бундан ортиқ бахт борми? Тайинли иш, касби, ҳунари бўлган киши жамиятга дахлдорлигини ҳис этиб, аввола оиласига, маҳалласига, қолаверса, давлатга фойда беради.
Ота-боболаримиз етти хазина ҳақида гап очганда, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни тилга олишади. Дарҳақиқат, қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи чорвачиликка боғлиқлиги айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада муҳим фикрлар айтиб ўтилди.
Қишлоқ шароитида иш ўринлари яратишнинг энг қулай йўли чорвачилик соҳаси эканлигини яхши биламиз. Аммо бугунги табиий муҳит, экологик омиллар туфайли чорвачилик билан шуғулланиш имкониятлари табора қисқариб бормоқда. Қурғоқчилик, яйловларнинг қисқариб кетиши, ем-хашак етишмаслиги, омухта ем тайёрлаш етарли саноатлашмаганли, ветеринария хизмати заифлиги каби ҳолатлар чорвачиликнинг ривожланишига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Шу боисдан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим манба бўлган мазкур соҳани қўллаб қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида амалга ошириладиган вазифаларнинг Президентимиз томонидан белгилаб берилиши соҳа истиқболи учун кенг имкониятлар очиши шубҳасиз.
Хусусан, камбағалликни қисқартириш, қўшимча иш ўринлари ташкил этиш мақсадида кам таъминланган оилаларга чорвачилик йўналиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилаб берилган. Лекин имтиёзли кредит ажратиш тизимида камчиликлар йўқ эмас. Масалан, банк томонидан кредит бериш тизимида белгиланганидек камида ўнта қўй олиш учун фуқаро бирор таъминотчидан шартнома олиб келиши керак. Таъминотчи ўзи истаган нархни ёзиб шартнома беради. Хуллас, шу каби сансалорликка сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Юқорида айтилганидек, халқимиз фарвонлиги, юртимиз тараққиёти учун хизмат қилувчи дастурлар ижросини таъминлашда барчамиз зиммамиздаги масъулиятни ҳис этишимиз, фуқароларимизга, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашимиз, барча зарур шароитларни яратиб беришимиз лозим.
Муқаддас Ўразалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.