Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Йўллар сифатли бўлмагани учун ҳам йўл транспорт ҳодисалари кўпайгани кўрсатиб ўтилган эди.
Йўл ҳаракати қоидалари, аввало, инсон хавфсизлиги учун ишлаб чиқилади. Қоидани бузганлик учун жарима тўланади. Жарималардан келадиган маблағга даромад, деб қараш қўпол хато бўлади. Шунинг учун ҳам й ўл ҳаракати қоидаларини бузганлик жарималарнинг муайян қисмини йўлларда инсонлар хавфсизлигини кучайтиришга йўналтириш белгиланган.
18 февраль куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ҳамда вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясининг мажлисида шу масаладаги камчиликлар кўрсатилибди.
Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари қоидабузарликлар учун ундирилган жарималардан маҳаллий бюджетга туширилган жами 119,6 млрд. сўмни белгиланган мақсадларга сарфламабди. Бу ҳақдаги маълумот ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Фото-видеофиксация қилиш мобил мосламалари ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар учун Фарғона вилояти маҳаллий бюджетига 20,2, Наманган вилоятига 18,7, Андижон вилоятига 10,6 млрд. сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган. Қоидабузарликларни аниқлайдиган объектлар қурилишига шу маблағлардан Наманган вилоятида 1,8 млрд., Андижон вилоятида 1,2 млрд., Фарғона вилоятида 700 млн сўм ажратилган, холос. Оқибатда йўлларда инсон хавфсизлигини кучайтириш ишлари талаб даражасида бажарилмаган.
Қолган маблағлар қайси мақсадларга сарфланган, деган саволлар очиқ қоляпти. Ваҳоланки, тизим шаффоф ишлаши керак. Шунинг учун йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун тўланган жарималарни мақсадли ишлатиш масаласини халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқиб, тасдиқлайдиган амалиётни жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу жараёнда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида бевосита иштирок этиши зарур. Бюджет маблағлари билан боғлиқ масалалар халқ депутатлари Кенгашларида очиқ кўрилмаса, жараён борича жамоатчиликка етказилмаса, коррупция, манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли сақланиб қолаверади.
Афсуски, давлат секторидаги коррупцион ҳолатлар, бюджет маблағларидан мақсадли фойланмаслик тез-тез учраб турибди. Коррупцион фаолият учун мансабдор шахсларнинг жазосиз қолаётгани эса бу борадаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, коррупцияга қарши бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш ва жазо чораларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати