Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Кармана тумани, Шибзон МФЙда 2022 йил Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий ҳимоясига оид қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳамда топшириқлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида "Аёлларга кўмак" лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Дастлаб 21-умумтаълим мактабининг юқори синф қизлари билан "Эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши масъул ходимлари, Маданият оилавий шифокорлик пункти бош шифокори Н. Булякова, "Шибзон" МФЙ отинойиси З. Алимова мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Таъкидланганидек, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар бу тамойилларга амал қилмай, фарзандларининг келажак тақдирини ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушиб, ёшига қарамай турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги, руҳияти ва туғилажак фарзандининг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Қизлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди. Шунингдек, таълим даргоҳидаги ўқитувчиларига 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ҳақида маълумот берилди.
Куннинг иккинчи ярмида тадбир ташкилотчилари "Шибзон" МФЙдаги ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг турмуш шароити ўрганилди. Хусусан, II гуруҳ ногирони Рўзигул Султонова билан суҳбатлашганимизда 2003 йил туғилган фарзанди Сардор Исмоилов армияга бориш учун ҳужжат тайёрлаб юрганини таъкидлади. Опахон даволаниши, дори-дармон олиши учун нафақа пули етмаётганлигини айтди.
Мулоқот давомида хотин-қизлар томонидан тикувчилик қилиш учун субсидия олиш, мунтазам даволанишга эҳтиёжи борлиги сабабли моддий ёрдам ажратиш, тадбиркорликни бошлаш учун ер ажратиш каби масалалар билан мурожаат қилишди.
Тадбир сўнггида маҳаллада ўз-ўзини банд қилган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар билан суҳбатлашилди.
– Ўтган йили “Аёллар дафтари”га рўйхатга олиндим, – дейди Гавҳар Эгамова. – Гўзаллик салони очишим учун 33 миллион кредит ажратилди. Бу маблағ эвазига хонани таъмирлаб, керакли жиҳозларни харид қилдим. Мижозлар ҳам шинам ва чиройли жойга боришни хоҳлашади. Кредитни тўлашда ҳам муаммо бўлмаяпти.
Хуршида Рўзиева ҳам яқингача қўлида ҳунари бўлса ҳам ундан унумли фойдалана олмаётган эди. У ўтган йили банкдан кредит олиб, тикувхона фаолиятини йўлга қўйди. Шу вақтга қадар 8 нафар маҳалласидаги қизларга тикувчиликнинг сир-асрорларини ўргатди. У одамларга фойдаси тегаётганидан хурсанд. Келажакда фаолиятини кенгайтириб, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.