Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 23-27 февраль кунлари сайлов округларида иш олиб боради.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайланган ҳудудларида аҳоли билан учрашувлар ўтказади. Сайловчилар билан мулоқотлар 5 кун давом этади.
Шу вақт давомида фракциямиз аъзолари партия Сайловолди дастури ва фракция иш режасидан келиб чиқиб, аввало, «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони ижросини ўрганишга эътибор қаратади.
Хусусан, 2021 йилда қайта ташкил этилган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолияти, бинолар таъмири, уларнинг коммунал хизматлар, малакали кадрлар, тиббий асбоб-анжомлар, жумладан, лаборатория жиҳозлари, дори-дармон билан таъминланганлик даражаси атрофлича ўрганилади.
Тиббиёт муассасалари фаолияти юзасидан аҳолининг муносабати ҳамда таклифлари, мутасаддиларнинг маҳалла олдидаги ҳисобдорлиги таҳлил этилади.
Учрашувларда, шунингдек, чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгилаб берилган ҳар бир топшириқ ва вазифалар мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳудудларда яратилаётган янги иш ўринлари, муддатли ҳарбий хизматни ва сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари ҳам ўрганилади.
Халқ қабулхоналари ҳамда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан ҳамкорликда фуқароларнинг сайёр қабулини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни маҳаллий ижро ҳокимият органлари билан биргаликда жойида ҳал этиш чоралари кўрилади.
Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ижрочи котиби.
“Ўзбекистон овози”, 23.02.2022, №8