Пешкў туманида партия депутатлари ҳамкорлигида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

 

Бухоро давлат тиббиёт институти профессор ўқитувчилари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тор доирадаги мутахассислардан таркиб топган шифокорлар гуруҳи томонидан Пешкў туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда терапевт, травматолог, невропатолог, педиатр, акушер-гинеколог, уролог, офтальмолог, кардиолог ва хирурглар томонидан 400 га яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинди.

Кўрикдан ўтказилган фуқароларнинг 71 нафарида турли хилдаги ногиронлик кўрсаткичлари мавжудлиги аниқланди. Уларни соғломлаштириш мақсадида амбулатор ва стационар даво муолажалари тайинланди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилларда чекка қишлоқлардаги врачлик пунктлари фаолиятини яхшилаш мақсадида қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Пешкў туманида турли сабабга кўра фаолияти тўхтаб қолган 7 та қишлоқ врачлик пункти оилавий поликлиника мақомида қайта ташкил қилинди. Юқорида бепул тиббий кўрик ўтказилган “Маҳалла” қишлоғидаги муассаса ҳам бир неча йилдирки, қаровсиз ва ночор аҳволга келиб қолганди. Бугунга келиб эса бу қишлоқ оилавий поликлиникасида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилиб, кундузги стационарда даволаш ва муолажа ўтказиш учун гинеколог, травматолог, тиббий лаборатория ва эмлаш хоналари қайта жиҳозланди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Амрилло Иноятовнинг ўтган ҳафта чекка ҳудудлар қаторида айнан Пешкў тумани “Маҳалла” қишлоқ врачлик пунктида бўлгани туфайли бундаги аҳвол тубдан ўзгарди. Эндиликда, ҳудудда истиқомат қилаётган 6 минг 400 нафар аҳоли учун 120 турдаги бепул дори-дармон заҳираси яратилиб, поликлиника ижтимоий дорихонаси таъминоти яхшиланди. Айни пайтда нафақат бу ҳудуд, балки туман тиббиёт бирлашмаси тизимида талаб юқори бўлган умумий амалиёт шифокорларини танлаш ва жойига қўйиш саъй-ҳаракати бормоқда.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш