Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши медия марказида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тенглик ва ижтимоий адолат каби умуминсоний тамойилларга амал қилиб, ҳар бир инсоннинг тинч ва осойишта ҳаёти, фаровонлиги ва бутун мамлакатнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш ҳамда бу бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, шу мақсадда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул маслаҳатлар бериш, мавжуд муаммоларга ёшлар билан конкрет таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида “Ёшлар студияси” фаолияти йўлга қўйилди.
Студиянинг дастлабки иш кунида “Ёшларни иш билан таъминлаш, муносиб иш ўринлари яратиш ҳамда миграция масалалари” мавзусида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар клуби етакчилари ҳамда фаол ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув аввалида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари — Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Шоҳруҳ Муҳаммедов, Касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва касбий малакани ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи — Фарруҳ Ҳамроев, Бандлик дастурини шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Саиджон Ражабов ҳамда ташқи меҳнат миграцияси ва қайтган меҳнат мигрантларининг реинтеграция дастурлари бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Асқаровлар вазирлик томонидан сўнгги йилларда қилинаётган ишлар, амалиётга жорий этилаётган янгиликлар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилаётган субсидиялар, фуқароларнинг чет элларга бориб ишлаши учун яратилаётган қулайликлар ҳақида қисқача гапириб беришди.
Қизғин мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшлар тенгқурларини ўйлантираётган муаммолар юзасидан саволлар беришиб, бу борадаги ўз таклифларини ҳам айтиб ўтишди.