Депутатга номзоднинг сайловолди дастури ҳаётга яқин бўлиши керак

Хабарингиз бор, жойларда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларга сиёсий ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Шундай ўқув машғулотларидан бири Жиззах политехника институти мажлислар залида бўлиб ўтди.

Бугунги депутат қандай бўлиши лозим? Ушбу савол Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўз номзодини қўйган бўлажак депутатларнинг олдида турган бирламчи саволлардан бири. Аҳоли орасига кириб бориш, улардаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш ҳар бир депутатдан сиёсий билим ва ўзига хос тактикалар талаб этади.

Сиёсий ўқув машғулотида сайловдаги тактикалар ва рақибни енгиш йўллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурида акс эттирилиши бўйича қизғин муҳокама бўлди.

– Барча даражадаги депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида қўлланиладиган асосий қоидаларга тўхталадиган бўлсак, бу аввало, инсон фаровонлиги йўлидаги умумхалқ, умумдавлат манфаатларининг устуворлигини ифода этиши керак. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан асосланмаган таклифларни киритиш ва асоссиз ваъдаларни беришдан ўзини тийиш, кўрсатилаётган муаммоларни шу жойнинг ўзидаги мавжуд имкониятларига таянган ҳолда ҳал этишнинг асосланган йўлларига эътиборни қаратиш талаб этилади, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Варисова. –

Шунингдек, иштирокчиларга сайлов жараёнларида Ўзбекистон ХДП фаолияти, дастурий мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб қилиш, бу борада айниқса, жамоатчилик билан ишлаш технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳудудий партия ташкилотлари томонидан жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда уларда кўпроқ интерактив ва сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш лозимлиги юзасидан тегишли кўрсатмалар ҳам берилди.

 

Маърифат МАВЛОНОВА,

ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот котиби.

 

Теглар

Депутат Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш