Барчамизга маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ҳамда қатъий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, тизимга халқаро меъёр ва стандартларни жорий этиш бўйича муҳим қонунлар, қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ҳам шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатларга асосан 15 ёшгача бўлган болалар ва туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилиши назарда тутилган. Жумладан,
2021 йил 1 июндан:
6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “А” витамини билан;
2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминлаш;
2022 йил 1 июлдан:
ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан;
35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш белгиланган.
Шунингдек, Қарор билан 2021 — 2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик дори воситалари билан бепул таъминлаш чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш учун жами 264,5 млрд сўм давлат бюджети маблағларидан ажратилган.
Мазкур тартиб 2021 йил июнь ойидан бошлаб йўлга қўйилган ва ҳозирда давом этмоқда. Лекин жойларда аҳоли, жумладан хотин-қизлар билан ўтказилаётган тадбирларда, учрашувларда аксарият ҳудудларда болалар ушбу препаратлар билан таъминланмаётганлигини билдиришмоқда.
Аслида ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг ҳудудларга, ҳар бир маҳаллага етиб бориши, партиямиз электорати вакиллари манфаатларига хизмат қилиши жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга бевосита боғлиқ масаладир. Партиямиз ҳудудий ташкилотлари, халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлар аъзолари, қолаверса жамиятнинг ҳар бир аъзоси бу жараёнда фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш учун ҳар биримиз шахсий жавобгарликни, масъулиятни ҳис қилишимиз, давлат томонидан қилинаётган ғамхўрликдан ўз вақтида, тўғри фойдаланишимиз муҳим ҳисобланади. Бунинг учун, авваламбор қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган ўз ҳақ-ҳуқуқимизни билиб, давлат томонидан белгиланган имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдалансак, бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига, энг муҳими ўзимиз ва фарзандларимиз саломатлигини сақлашга катта ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, қабул қилинган ҳар қандай ҳужжат ижроси назоратга олинсагина халққа нафи тегади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 1-банди ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 6-банди ижроси жойларда қай даражада бажарилаётганлигини, аҳоли вакилларининг мазкур тартибдан хабардорлигини билиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Азиз ўқувчи! Сиз-чи ушбу тартибдан хабардормисиз? Фарзандларингиз махсус препаратлар, витаминлар билан бепул таъминланаяптими? Фикрингиз биз учун муҳим.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.