Жорий йилнинг 23-27 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Рахмонов томонидан ҳудудларга чиқиб, маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоларни бирма-бир ўрганиш режалаштирилди.
Бундай учрашувлардан бири 24 февраль куни Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Тавариён” МФЙда ташкил этилди. Учрашувда Халқ демократик партияси раиси Зулфия Тўйева, 4- сектор раҳбари Солиқ инспекцияси бошлиғи О. Ўроқов, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, МФЙ раиси, маҳалла инспектори шунингдек, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Даставвал депутат Шерзод Раҳмонов юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, қонунчиликда қабул қилинаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Сайловчилар ҳудудда мавжуд аҳолини қийнаётган бир қатор муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида мурожаат қилишди. Жумладан, электр энергияси, йўл қурилиши, имтиёзли кредит олиш, интернет тармоғига уланиш, ҳудудда трансформаторнинг етишмаслиги каби қатор муаммолар кўтарилди.
Кўтарилган муаммолар ва мурожаатлар юзасидан таклиф ва тушунтиришлар берилди. Қолаверса, депутат фуқароларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида "Очиқ бюджет"да қўйиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш ҳақида маълумот бериб ўтди.
Сўнгра маҳаллада янги жорий этилган Ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси иш фаолияти ўрганилди, улар томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Куннинг иккичи ярмида депутат “Тавариён” МФЙда яшовчи фуқаро Нуриддин Умуров ва ўғли Нурбек Хотамовлар хонадонига ташриф буюрди.
Хонадон эгалари ихчам иссиқхона, паррандачилик ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлар.
Учрашув сўнгида халқ вакили "Тавариён" МФЙ "Янгирабод" кишлоғида яшовчи М. Сафаров хонадонига ҳам ташриф буюрди. М. Сафаров бугунги кунда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаётган тадбиркорларга Биогумус – “калифорния қизил чувалчанги ёрдами билан ишлаб чиқарилган органик ўғит”ни етказиб бермоқда. Бу орқали М. Сафаров яхшигина даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда.
Ш. Рахмонов тадбиркорлик борасида Н. Умуров, Н. Ҳотамов ва М.Сафаровларнинг келгусидаги режаларини тинглаб, уларга бу борада йўл-йўриқ кўрсатиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.