ЎзХДП фракцияси кўнгиллилар фаолиятини қонуний тартибга солиш бўйича қандай фикрда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Қайд этилдики, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимизда кўнгиллилар фаолияти янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, кўнгиллилар институти кенг имкониятларга эга бўлиб, бу имкониятлардан Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланиш мумкин.

Кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатадилар, улар маълум товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради, давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади ва бу мавжуд бюджет маблағларини иқтисод қилишга имкон беради. Миллий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, кўнгиллилик фаолияти, тегишли тушунчалар мажмуи ва ушбу фаолиятни амалга ошириш тартиблари мустаҳкамланган, қонун ҳужжатига эга бўлмасада Ўзбекистонда ривожланиб келмоқда. Лекин тегишли қонун ҳужжатлари мажмуининг йўқлиги кўнгиллиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, муносиб меҳнат шароитларининг кафолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги масалаларни очиқ қолдирмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу орқали кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсад қилинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бир қатор масалаларни ҳал қилиш имкониятини яратади. Хусусан, кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади. Кўнгиллилик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради ҳамда кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллашишини рағбатлантиради. Шу билан бир қаторда давлат органларининг ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг кўнгиллилар билан ҳамкорлик усуллари ва шаклларини аниқлайди.

Қонун лойиҳасида кўнгиллилик фаолиятини амалга оширувчиларни ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ҳам назарда тутилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, бугунги кунга келиб кўнгиллилар фаолияти анча фаоллашди. Масалан, улар ҳудудларни чиқиндилардан тозалашга, эҳтиёжмандларга дориларни сотиб олишга ва қиммат тиббий операцияларни қилиш учун маблағ йиғишга ва бошқа беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга ёрдам кўрсатиб келишмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда кўнгиллилик фаолиятининг ривожланиб бориши ҳамда ушбу соҳани тартибга солишга хизмат қилади. Бу эса партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникция технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида ҳар бир қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш