Аҳоли мурожаатлари юзасидан чора-тадбирлар белгиланди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги фаолияти унинг қонун ижодкорлиги ва депутатлик назоратини амалга оширишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Маҳаллаларда юриб, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаатлари ва таклифларини тинглаб бунга яна бир амин бўляпмиз.

Шу маънода сайлов округимдаги сайловчилар билан навбатдаги учрашувлар ҳар томонлама самарали бўляпти.

Дастлаб Денов тумани ҳокими А.Аллабердиев билан суҳбат олиб борилди. Сайловчилар томонидан Олий Мажлисга юборилган мурожаатларни ҳал этиш бўйича режа ишлаб чиқилди.

Шундан сўнг, тумандаги “Чоргул” ва “Қовунлисой” маҳаллаларида маҳалла раислари ва фаоллари, ҳоким ёрдамчиси билан учрашиб, муаммоли ҳолатлар ўрганилди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакат миқёсида амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳасига ҳиссамизни қўшиб, дарахтлар экдик.

Шу билан бирга, “Минор” ва “Гулобод” маҳаллаларидаги фуқаролар билан ҳам сайёр учрашувлар ўтказилди. Тоза ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш, электр энергия таъминоти каби муаммоларни ҳал этиш юзасидан масалалар айтилди.

Сайёр учрашувларда кўтарилган, туман даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан тумандаги мутасадди ташкилотларга вазифалар юкланадиган бўлди. Мурожаатларнинг ҳал этилиши юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Учрашувлар давом этмоқда.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш