Номзодларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар топширилди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жорий йил 28 октябрь куни бўлиб ўтган XI қурултойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 та сайлов округи бўйича номзодлар кўрсатилган эди.

Бугун Халқ демократик партияси мамлакатимиздаги партиялар орасида биринчи бўлиб ўз номзодларини расман рўйхатдан ўтказишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига Cайлов кодексининг 72-моддасига мувофиқ ариза тақдим этди.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинди:

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси XI қурултойининг «Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисида»ги қарори.
  2. Ўзбекистон Халқ демократик партияси XI қурултойининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси.
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларининг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси.
  4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш ҳақидаги аризаси.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодларнинг 47 фоизи аёллар.

Номзодларнинг аксарият қисми, яъни 36 фоизи педагоглар. Шунингек, иқтисодчилар 20, шифокорлар 14, ҳуқуқшунослар 6, журналистлар 3 фоизни, номзодларнинг қолган қисмини бошқа соҳа вакиллари ташкил этмоқда.

70 фоиз номзодлар 30 ёшдан – 50 ёшгача, яъни энг фаол ишлайдиган даврда.

Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топшириш жараёнида мамлакатимиздаги етакчи ОАВ вакиллари бевосита иштирок этди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш