Сирдарёда йўл ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ 271 859 та қоидабузарликлар аниқланган

 

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳи иштирокида ўтказилган ҳисобот йиғилишида вилоят ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш. Исломов 2021 йилда Сирдарёда йўл ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ 271 859 та қоидабузарликлар аниқлангани маълум қилди. Қоидабузарликлардан 66 минг 424 таси қўпол, 2 минг 28 таси мастлик ҳолатида, 25 минг 310 таси эса пиёдалар томонидан содир этилган.

Энг ачинарлиси 2021-йил давомида вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида кўплаб профилактик тадбирлар амалга оширилишига қарамай, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ходисалари 14 тага ёки 26.9 % га, оғир тан жароҳатлари билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари 33 тага ёки 32 % га ошиб кетган.

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари иштирокида ўтказилган ҳисобот йиғилишида депутатлар бу масалага танқидий ёндашиб, бу каби йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида бошқарма томонидан қандай чора-тадбирлар режалаштирилганлиги билан қизиқишди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилди. Йўл-транспорт ходисаларининг олдини олиш мақсадида йўллардаги фоторадарларни кўпайтириш, вилоятнинг шаҳар ва туманларида пиёдалар ўтиш йўлакларида тезликни янада пасайтириш ҳамда пиёдалар ҳаракати кўп бўлган йўлларда светофор чироқларини кўпайтириш тавсия этилди. Йўлларда содир бўлаётган автоҳалокат сабабларини ўрганишда йўлларни таъмирталаб эканлигини ҳам инобатга олиш кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада таъмирлаш ишларини масъул ташкилотларга юклаш вазифалари белгиланди. Суҳбат сўнгида ИИБ ходими Ш. Исломов вилоят ХДП депутатлари фикрларини чора-тадбирлар режасига қўшишини ва амалий ишлар олиб боришини ҳамда депутатлик гуруҳи билан доимий ҳамкорликда ишлашини маълум қилди.

 

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш