Депутатликка номзоднинг сайловолди дастури

 

уни шакллантиришда нималарга эътибор бериш керак? 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Бухоро вилояти кенгаши ҳамкорлигида “Сайлов жараёнларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини ишлаб чиқиш ва тарғиб этиш” мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашлари масъуллари, Бухоро вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзодлар иштирок этди.

Ўқув-семинарида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партиядан депутатликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш билан боғлиқ масала ҳақида сўз юритди.

Таъкидландики, юртимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар бутунлай янги, юксалиш босқичига қадам қўйди. Кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги тамойиллари таъминланди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча ҳуқуқ ва ваколатлар кафолатланди.

Мамлакатимиз юксалишнинг янги босқичига қадам қўяр экан, бу йилги сайловлар ҳам ана шу давр руҳида, тартиб-тамойиллар асосида ўтказилиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловлар янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлиб сайлов кампаниясига киришди.

Сайлов кампанияси даврида депутатликка номзоднинг келгуси фаолияти дастури сайловолди ташвиқотининг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Депутатликка номзод ўз сайловолди дастурини ишлаб чиқар экан, ўзининг фуқаролик ва сиёсий йўли, нуқтаи назарини белгилаб олади. Номзод сайловчилар олдида, агар унга юксак ишонч билдирилса, яъни депутатликка сайланса, нимага интилишини, қандай мақсадларга эришишини баён этади. Шунингдек, белгиланган мақсадларни қайси йўллар билан амалга оширмоқчи эканини асослаб беради. Муҳим томони, дастурда сайлов округидаги муаммоларни ечиш бўйича асосли таклифлар акс этиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, семинарда номзод ўз сайлов округида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишда нималарга аҳамият бериш кераклиги бўйича муҳим тавсиялар баён этилди.

Семинарнинг иккинчи ярмида иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда амалий машғулот ўтказди. Сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурини шакллантиришда маҳаллий партия ташкилотларининг ўрни билан боғлиқ масалалар ҳақида биринчи гуруҳ модератори ўз мулоҳазаларини билдирди. Иккинчи гуруҳ эса халқ депутатлари вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзоднинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш юзасидан тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш мавзусини кенг очиб берди.

Мавзу юзасидан савол-жавоблар, музокаралар бўлиб ўтди. Семинар сўнгида партия фаоллари ва кекса партия фахрийлари ЎзХДП Марказий кеенгашининг фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалари билан тақдирланишди.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш