«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун фракция йиғилишида маъқулланди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда фракция аъзолари «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хўжалик жамиятлари ижро этувчи органларининг жавобгарлигини оширишга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими ҳамда шартномавий муносабатларнинг такомллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Хусусан, депутатлар томонидан мақсади давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин баҳс ва мунозаралар остида муҳокама қилинди. Иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган мазкур қонунда унинг қўлланилиш соҳаси, асосий тушунчалар, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда давлат фуқаролик хизмати билан боғлиқ бир қатор тамойиллар белгилаб қўйилган.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасидан “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” деб номланган алоҳида боб жой олган бўлиб унда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, манфаатлар тўқнашуви ҳамда давлат фуқаролик хизматчисининг даромади ва мол-мулкини декларация қилиш тартиби ифодалаб берилган. Жумладан, қонуннинг 20-моддасига кўра, манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат мажбуриятларини холисона бажаришига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган унинг шахсий манфаати ва эгаллаб турган лавозим ваколатлари ўртасидаги зиддият экани, бундай ҳолат юзага келганда давлат фуқаролик хизматчиси дарҳол ўз раҳбарига ёки юқори турувчи давлат органига ёзма шаклда хабар бериши шартлиги ҳамда хабар берилган давлат органи раҳбари ёки юқори турувчи давлат органи уни бартараф этиш учун ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчисининг даромади ва мол-мулкини декларация қилиш тартиби алоҳида моддада баён этилган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддат ва тартибда ўз даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириши шарт.

Қонуннинг 29-моддаси “Давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш шартлари” деб номланган бўлиб, унда давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар баён этилган. Хусусан, давлат тилини биладиган, ушбу қонун билан белгиланадиган тегишли малака талаблари ва бошқа талабларга мос келадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий мутахассис ва экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан ўрнатилган тартибда давлат фуқаролик хизматчиси лавозимини эгаллаши ва давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Қизғин муҳокамалардан сўнг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция аъзолари кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари юзасидан ҳам электорат нуқтаи назаридан муносабат билдирдилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш