Мўйноқда “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳаси ўтказилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Мўйноқ туман кенгаши томонидан “Орол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳаси ўтказилди.

Ўзбекистон Халк демократик партияси Мўйноқ туман Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Мўйноқ туман партия Кенгаши масъул ходимлари, Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, Тиббиёт муассасаси ходимлари, ушбу маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар иштирок этди.

Лойиҳани ўтказишдан мақсад: аҳоли, жумладан, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хил касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида туман марказларидан мутахассис шифокорларни жалб қилган ҳолда олис ва чекка маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги аёллар, болалар ва пенсионерларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш.

«Орол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 50 нафардан зиёд хотин-қизлар бепул кўрикдан ўтказилиб, уларга муолажа олишлари ёки тегишли муассасаларга мурожаат этиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, "Орол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқароларнинг уйларига бориб, ногиронлиги бор фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди ва тадбир сўнгида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси туман ҳудудий бўлинмаси томонидан тиббий кўрик иштирокчиларига бепул дори-дармонлар берилди.

 

Гулназ ДАЛИБАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши

Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш