Қадим қорақалпоқ замини яшармоқда

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнгги ўйлар

Инсон ҳаёти турфа синовлар билан кечади. Уларни енгиб ўтишда фидойи, яхши инсонлар борлиги учун ҳам ҳаётимизга мазмун иниб, шукроналик ҳисси билан яшаймиз.

Қорақалпоғистон ва бу замин элининг бугунги ҳаёти, янги тараққиёт замони ҳақида сўз юритганимизда тилимизга шундай эътироф кўчади: шу обод кунларга етказганига шукр, Аллоҳнинг назаридан бегона қилмасин, эзгу ишларни бошлаган давлатимиз раҳбари, меҳнаткаш халқимиз омон бўлсин, хайрли ниятларимизга биргаликда етиш насиб қилсин.

Муболағага йўйманг — кейинги йилларда Қорақалпоғистоннинг янги тараққиёти, одамлар ҳаётидаги фараҳли ўзгаришлар қорақалпоқ халқига Президентимиз меҳри билан қўр олаётгани тилларда, дилларда достон бўлмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи меҳнаткаш, танти элимиз қалбида эзгу мақсадлар уйғотади.

 


Мўйноқ — янги Ўзбекистонимизнинг оламшумул янгилиги

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга бу галги ташрифи ҳам янги ва ёрқин тарихий саҳифаларга бой бўлди. Бу саҳифа Қорақалпоғистоннинг энг узоқ тумани Мўйноққа биринчи рақамли борт илк бор Тошкентдан келиб қўниши билан очилди.

Шу сониялар қадри мўйноқликлар, қорақалпоқ халқи ёдида узоқ йиллар сақланиб қолиши табиий.

Хуллас, Президент ўтирган самолёт Мўйноқ аэропортига қўниши билан узоқ йиллик оғир дарддан фориғ бўлиб, кучга тўлаётган, яна яшараётган Мўйноққа янги ҳаво, қут-барака ва катта орзу-умидлар, зўр шижоат, қудрат нафаси кириб келгандек бўлди.

Оқсоқоллар гурунгидан:

— Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги ташвишли йиллар ёдимга тушди. Мана шу аэропорт 1947 йилда қурилганида ҳали ғўр бола эдик. Лекин ҳаёт ташвиши, рўзғор юки бизни тез улғайтирди. Денгиз бизга ҳам она, ҳам ота бўлди. Насибамиз шовуллаган тўлқинлар узра сузарди...

— Нимасини айтасан, ўша эски аэропорт бола нигоҳимизда улкан сарҳадларни бағрига жойлагандек туюларди. Ёшимиз, бўйимиз ўсавергач, у кичик самолётларнигина қабул қилишини тушунганмиз. Ҳозир кўз олдимдан кечаги кунлар ўтмоқда. Оролимиз биздан чекингач, қалбимиз ҳам, қаддимиз ҳам, Мўйноғимиз ҳам сўлиб қолди. Лекин сену мен бу ерларни ташлаб кетмадик. Аллоҳга шукр, бир кун бугунгидек яхши кунлар келишини билгандекмиз...

Давлатимиз раҳбари бу гурунгни, кайвонилар хаёлидан чарх ураётган ўйларни сезгандек гапирди:

— Охирги беш йилда кўп нарсани ўргандик, илгари ишонилмаган нарсаларга ишондик. Мен биринчи келганимда “Маданият Мўйноқдан бошланади”, дегандим. Шундай бўляпти. Мана шу аэропорт ҳам бир мисол. Энди Тошкент — Мўйноқ — Нукус авиақатнови йўлга қўйилади.

Бугунги Мўйноқ — фахримиз, яратувчанлик қудратимизнинг ёрқин намойиши, янги Ўзбекистонимизнинг оламшумул янгилиги. Мўйноқдаги катта ислоҳотларни бугунги таҳликали даврнинг серташвиш одамлари ҳам порлоқ келажакнинг мустаҳкам ишончи ўлароқ, зўр кўтаринки кайфият билан кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, Оролнинг қуриган қисмида ўрмонзорлардан иборат “Яшил макон” барпо этиш ишлари қизғин давом этмоқда.

— Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад — энди бу ишларни илмий асосланган тарзда давом эттирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Илмий изланишлар қилиб, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мўйноқ ҳақида кўп гапиргандек бўламиз, лекин ўйлаб қарасак, яқин-яқингача бу ҳудуд ҳақида сўз юритганда мунғайиб қолардик. Жадал ўзгаришлар, бунёдкорлик сабаб ҳозир фахрланамиз. Бу ердаги янгиланишлар ҳар қанча гапиришга арзийди.

Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 2017 йилда лойиҳа қиймати 26,4 миллиард сўм бўлган, узунлиги 96,4 километрлик “Қўнғирот — Мўйноқ” магистрал сув қувури ва Қўнғирот туманида қуввати суткасига 7 минг кубометрга тенг бўлган сув тақсимлаш иншооти қурилиши олиб борилди. Натижада 25 мингдан ортиқ аҳоли тарихда илк бор марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланди. Бундай рақамларни кўп келтириш мумкин.

 

Энди шамоллар ҳам инсон манфаати учун эсади

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи энг чекка туманларда давом этди. Одамлар кўзидаги қувонч ва ишонч янги орзу-мақсадлар руҳини янада мустаҳкамлади.

Бугун Тахтакўпир туманининг энг узоқ ҳудуди — “Белтов” овул фуқаролар йиғинини таниб бўлмайди. “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилган беқиёс ободонлаштириш ишлари овул қиёфасини буткул ўзгартириб юборди.

Кенг ва равон йўллар, оромгоҳлар, спорт майдончалари, ҳаммомлар, тоза ичимлик сув бераётган янги технологияли агрегатлар... Эҳ-ҳе, буларнинг қайси бирини айтасиз. Ҳаммаси кўзни қувнатиб, дилни яйратади.

Ташриф давом этар экан, мен давлатимиз раҳбарининг қадим қорақалпоқ заминига қўйган қадами нақадар қутлуғ келаётгани тўғрисида ўйладим.

Президентимиз Шуманай ва Беруний туманида бўлганида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг оламшумул тамойиллари амалга ошаётганига гувоҳ бўлдик. Шундай қудратли эврилиш силсиласида ижодкор сифатида ўйладимки, халқимиз жуда катта йўл бошида турибди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси, 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсад истиқболлари катта йўлнинг улуғвор 100 пиллапоясига ўхшайди. Бу йўл инсон қадрини улуғлаб, ҳаммамизни янада жипслаштириб, бунёдкор, яратувчан кучга айлантирмоқда. Қорақалпоғистонда бошланган ишлар бунинг ёрқин исботи бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбари халқимиз фаровонлиги учун барча имкониятларни яратмоқда. Пировардида, ҳар бир фуқаро ўзини давлат ҳимоясида эканини ҳис қила бошлади. Бугун қандай масала ўртага чиқса, ижроси таъминланмоқда.

Ўйланиб қоламан. Биз қандай кунларни кўрган эдик…

Халқ дарди, ташвишлари, муаммолари айтилар эди. Лекин ваъдалар бажарилмасди. Бугун шахсан Президентимиз ташаббуси билан ҳаммасининг аниқ ҳисоби бор. Вазифалар белгиланган, ижроси назоратда, натижаси халқ фаровонлигида намоён.

Беруний туманидаги фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари “Қорақалпоғистоннинг инсонлари меҳнаткаш, ери бой. Энди шамоллариям иқтисодиётга манфаат келтиради. Агар биз катта-катта корхоналар қурамиз, десак, ҳамкорларимиз авваламбор “энергетиканг борми, йўлинг борми, инфратузилманг борми”, деб сўрайди. Бу ерда қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилиши ҳудуд иқтисодиётига қўшимча куч, замин бўлади”, деди.

Мана қудратимизнинг яна бир намойиши. Бу тарихий ҳодиса инсон қадри учун хизмат қилади. Гап шундаки, Президентимиз ташрифи доирасида Беруний туманида шамол электр станцияси мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди...

Эътибор қилсак, мағзини чақсак, ислоҳотлар ўз сўзини айта бошлайди. Масалан, келгуси беш йилда Қорақалпоғистонда 2 минг 500 та янги корхона ташкил этилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб икки баробарга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун нима керак? Албатта, энергия. Энди Беруний шамоллари — қайта тикланувчи энергия манбалари ана шу режаларимиз ривожи учун хизмат қилади.

Демак, яқин йилларда нафақат бугунги ҳаётимиз — ўзимиз учун, балки фарзандларимиз, келажак авлодларимиз учун ҳам қайта тикланаверадиган ўлмас мерос қолдирамиз. Шунда уларнинг миннатдорлик ҳиссини бир тасаввур қилиб кўринг-а: бизнинг узоқни кўра билгувчи, дунёни асрагувчи аждодларимиз бўлган, улар бизга катта мерос қолдириб, фаровон ҳаётимиз пойдеворини қуришган, биз ҳам уларга муносиб авлодлар бўлайлик...

 

Халқимиз ниятлари, мақсадлари ҳамиша эътиборда

Мазмунли ўтган ҳар бир дақиқа қадрли. Бундай онлар кўпроқ давом этаверса, дейсан киши. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи ҳам ана шундай ҳис-ҳаяжонлар билан ҳозирча якунланди.

Мен давлатимиз раҳбарининг элимизга аввалги ташрифлари давомида бу ўлкани янада фаровон ва обод бўлишини кўзлаб берган устувор йўналишлари, уларнинг натижалари тўғрисида ўйладим.

Бир вақтлар халқимизни кўпроқ қайси муаммолар қийнарди: ичимлик сув, электр энергиясидан узилишлар, газ таъминотидаги ноқулайликлар, таъмир талаб йўллар, уй-жойлар етишмаслиги, ишсизлик, касб-ҳунар бўйича малака, камбағаллик.

Бир ҳақиқатни айтмоқчиман. Давлатимиз раҳбари халқимиз кўнглидан кечаётган ниятлар, мақсадларни ҳамиша қалбан ҳис қилади. Одамлар нима деяётган бўлса, Президент ҳам шу муаммоларни илгари суради ва уларнинг ечими топилади.

Мана бир мисол: Қорақалпоғистон Республикасида ўтган беш йилда аҳолининг 68,1 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланди, 420 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилди. Шароити оғир 61 тамаҳалла тарихда илк бор марказлашган ичимлик сув тармоғига уланди.

Электр энергияси сифатини янада ошириш ва зарур қувватлар билан таъминлаш мақсадида ўтган 5 йилда 2 минг 155,3 километр электр тармоғи, 761 та трансформатор пункти янгидан қурилди ёки модернизация ва реконструкция қилинди. Натижада 3,1 мингдан зиёд янги хонадонлар электр энергияси билан таъминланди.

Газ таъминоти яхшиланди. Ўтган 5 йилда алоҳида дастур бўйича ҳар хил диаметрдаги юқори, ўрта ва паст босимдаги жами 82,8 километр газ тармоғи қурилди. 2019 йилда янгидан ташкил этилган Бўзатов тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлаш учун “Бўзатов” газ тақсимлаш станцияси қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги 106 мингдан зиёд аҳоли хонадонига суюлтирилган газни автоматлаштирилган тизим орқали етказиб бериш йўлга қўйилди.

2017-2021 йилларда кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш мақсадида ҳам катта ишлар бажарилди. Жумладан, 771 та кўп квартирали уйнинг том қисми таъмирланди, 336 та болалар майдончаси янгидан қурилди, 145 та уй олди йўлакларини бетонлаш ишлари олиб борилди.

Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги иш ўринлари ташкил этган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар натижасида 2021 йилда 22,7 мингта янги иш ўрни яратилди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ходимлари 35,4 минг ишсиз фуқарони доимий ишга жойлаштиришга эришди. 26,8 минг фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Биз тилга олган бу рақамлар ортида катта ҳаёт манбаи турибди. Негаки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири эътибордан четда эмас.

Давлатимиз раҳбарининг қорақалпоқ эли билан бўлган учрашувларидаги маърузаларини тинглар эканман, бугунги кунгача Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун қилинган барча ишлар сарҳисоби 2022–2026 йилларга мўлжалланаётган устувор йўналишларнинг дебочаси эканини англадим. Негаки, Тараққиёт стратегиясида Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Энг асосийси, бу халқчил сиёсат аллақачон бошлаб юборилгани ҳам кўнглимизни тоғдек ўстиради. Биргина мисол, қорақалпоғистонлик оналар фарзандлари мактабда бепул озиқ-овқат билан таъминланаётганидан мамнун бўлаётгани қувонарли ҳолдир.

Бир ҳақиқат бор, мен ҳар сафар Президент билан учрашувдан кейин одамларнинг кўтаринки руҳини кўриб қувонаман.

Давлатимиз раҳбари халқимизга Мўйноқ мисолида ҳам, Қорақалпоғистондаги бунёдкорлик мисолида ҳам ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ҳамкорлик, дўст-биродарликнинг куч-қудратини англатди. Масалан, барча вилоят раҳбарлари туманларга, туман раҳбарлари маҳаллаларга бириктирилгани ҳам дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлади. Бу ҳар бир туманга янги инвестиция лойиҳалари, катта маблағлар кириб келишига сабаб бўлмоқда.

Бу йил қорақалпоқ эли қаддини янада баланд кўтарадиган фурсат бўлади. Боиси, халқимиз улкан бунёдкорликлар иштирокчиси бўлаётганидан мамнун. Қолаверса, ҳар бир фуқаро — ёшу қари ер ости ва усти бойликларини фаровонлик учун ишлатиш, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш, деҳқончиликка янги технологиялар олиб кириш, овуллар ободлиги, сув танқислиги борасида давлатимиз раҳбари белгилаб бераётган вазифалар амалга ошишига ишонади. Бу “Уч авлод” учрашувларида, нуронийлар ва ёшларнинг тотувлигида ўз исботини топмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи халқимизнинг янги мақсадлари, бу эл равнақи йўлида амалга ошириладиган барча ишлар учун катта имкониятлар эшигини очди. Бу имкониятлар ҳар бир инсон қадрини улуғлаб, фаровон турмушини кафолатлаб турибди.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

“Янги Ўзбекистон”, 26.02.2022, -42

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш