СОҲА ХОДИМЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллигини катта тайёргарлик билан кутиб олиш, бу қутлуғ санани унинг моҳияти ва аҳамиятига, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу интилишларига муносиб тарзда нишонлаш ЎзХДП мақсадларига ҳамоҳангдир.

Мустақиллигимиз 28 йиллиги олдидан ва 1 август — темир йўл ходимлари куни муносабати билан билан Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси биносида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят ва шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Когон шаҳар кенгаши ва унитар корхона қарамоғидаги корхоналардан сайланган депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирокида “Мустақиллик — менинг тақдиримда” шиори остида байрам тадбири ва давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси З.Н.Туйева очиб берди. Таъкидландики, мамлакатимиз қон томирлари ҳисобланган темир йўллар муҳим аҳамиятга эга транспорт воситаси ҳисобланади. Вилоятимизда ҳам темир йўл транспорти муҳим стратегик йўналишлардан бирига айланган.Шу боис бугунги кунда мазкур соҳа ходимларидан хизмат сифатини замонга мос равишда такомиллаштириш талаб этилади. Қолаверса, аҳоли ва хўжалик субъектларининг темир йўл ташишларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш асосий вазифа саналади. Бу бир қарашда осондек туюлиши мумкин. Аммо ўта масъулиятли вазифа. Бу вазифани амалга оширишда корхонанинг БПТ сифатида ҳам партия ҳаётида ўз ўрни бор. Бўлажак сайловларда кучли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борувчи асосий куч ҳисобланган БПТ амалий ишларни кучайтириши борасидаги вазифалар маърузачилар томонидан айтиб ўтилди.

Тадбир чоғида корхонанинг илғор ва намунали, жамоатчи ва фаол тарғиботчи ходимлари байрам муносабати билан партиянинг эсдалик совғалари ва ташккурномалари билан тақдирланди. Бухоро локомотив вагон ДЕПОси, Бухоро бирлашган ёқилғи-мой омбори хўжалиги, Бухоро электр билан таъминланган дистанция, Бухоро ихота дарахтларни ўтказиш ва қўриқлаш бошқармаси ходимлари партия сафига қабул қилиниб, келажакда давлатимизни ижтимоий сиёсий ҳаётидаги ишларни амалга оширишда уларга муваффақият тиланди.

Тадбир якунида давра суҳбати байрам лаҳзаларига уланиб кетди.

 

 

Лобар ҲАЙДАРОВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш