Оиласида ҳаловати бор аёлнинг соғлиги мустаҳкам, ишида унум, янги режалар сари якдил қадами бўлади. Бу ҳаёт қонуни. Бироқ аёлларни қийнаётган турли соҳалардаги чигалликлар, муаммолар ва ечимини йиллар давомида кутаётган оғриқли масалалар борки уни ечишда тизимли тартибда бирдамлик билан ҳаракат қилинмаса, жамият ривожига салбий таъсирини кўрсатаверади. Айни бир вақтда аёлларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг алоҳида назоратида.
Азал-азалдан аёл номини улуғ билиб, хотин-қизлар эъзозлаган юртда яшаймиз. Бугунги кунда қайси жабҳани, қайси соҳани олмайлик, фидокарона меҳнат қилаётган, фаол хотин-қизларимиз давлат ва жамоат ташкилотларида, сиёсий партияларда, олиму, шоираларимиз, илғор тадбиркорларимиз сафида ўзларининг самарали, фидокарона меҳнати билан "лаббай" жавоб бермоқдалар. Аёл нафақат оиламизнинг фариштаси, рўзғоримизнинг сариштаси, балки жамиятимизнинг ҳам гултожидир. У ишга ҳиссиёт, таълим-тарбия олишда ўз туйғу ва ҳароратини бағишлайди. Аёлни эъзозлаган инсоннинг қалби гўзал бўлади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги энг муҳим йўналишлардан бири аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб қувватлаш. Шу каби муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида Президентимиз “Оила ва хотин қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни имзоладилар. Ушбу фармонга кўра: жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари ҳоким ўринбосари бўлади. Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини ўзи бошқаради. Республикада айни пайтдаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ва ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади. Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари қандай танлов билан танланган бўлса, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳам шундай очиқ танлов асосида, тажрибали, обрў-эътиборли, тадбиркор аёллар орасидан лавозимига қўйилади. Яъни, маҳаллада энди яхлит тизим ташкил этилади. Бундан буён ҳоким ёрдамчиси камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишга, ёшлар етакчиси ёшлар сиёсати ва ёшлар балансига, хотин-қизлар бўйича масъул эса аёллар масаласи ва уларнинг дарду-ташвиши ишлашга жавоб беради. Ушбу 3 та йўналиш бўйича, уларнинг аниқ молиявий маблағлари бўлади.
Бизни қувонтиргани Президентимиз аёлларни ижтимоий ҳимоя қилишни тубдан кучайтириш ва бу борадаги ёндашувларни қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйди. Мамлакатимизда ҳар йили ўртача 700 минг чақалоқ дунёга келмоқда. Улар соғлом ўсиши, вояга етиши керак. Бунинг учун аёлга қаров, парвариш керак. Шунинг учун давлатимиз раҳбари фарзандли бўлган аёллар камида 4 ойга ишдан ажралиши, декретга чиқиши кераклигини таъкидлади. “Очиқ айтиш керак, айни пайтда бюджет ташкилотлари ҳомиладорлик нафақасини тўлиқ тўлаб берсада, хусусий секторда бу харажат туфайли аёлларни расмий ишга олишдан қочиш ҳолатлари ҳам, афсуски бор”, деди Президентимиз. Шунинг учун 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Бу мақсадлар учун жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди. Аёлларнинг уй-жой шароитини яхшилаш масаласи ҳам назоратда бўлиши айтилди. Прзидентимиз ўтказган видеоселектор йиғилишида ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди. Уларнинг саломатлигини тиклаш бўйича ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади. 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат томонидан бериладиган бундай даражадаги юксак эътибор мамлакатимизда аёл зотини қадрлаш, соғлом авлод тарбиясига бўлган улкан ғамхўрликдан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, аёлларга қаратилаётган эътибор замирида муҳим жиҳат бор. У ҳам бўлса, юртимиз хотин-қизларига бахт улашиш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай қадр топиб, ислоҳотлардан мамнунлик туйғуси билан яшашларига рағбатдир.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.