Аёллари эъзозланган юртнинг келажак фарзандлари соғлом ва маънавиятли бўлади

 

Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунлариданоқ мунис ва мўътабар аёлларимизнинг оғирини енгил қилишга, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, иқтисодий ва ижтимоий ҳамда сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, ушбу масалаларни давлат сиёсати даражасига кўтариб келмоқда. Президентимизнинг 1-март куни ўтказган видеоселектор йиғилиши ҳам хотин-қизларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу йиғилиш хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиирш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, оилавий зўровонликнинг олдини олишга, гендер тенгликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда айтилган ҳар бир сўз, ҳар бир гап нақадар залворли эканлиги, ўйлайманки, мамлакатда яшаётган 17 миллиондан ортиқ аёлни диққат эътиборини тортиши шабҳасиз. Аёл бўлганим учунми ёки шу тизимда ишлаганим учунми доимо аёллар масаласи диққат эътиборимни тортади. Давлат раҳбари жамиятда аёлларнинг қадрини ва қаддини кўтариш учун қатъий туриб, тизимда ислоҳотлар натижадорлигига шахсан ўзи эътибор қаратиши аёлларимизнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Юртимизда аёлларимизга бўлган эътиборни сўнгги йилларда амалга оширилган ишлардан кўришимиз мумкин. Бунга етарлича асосларимиз бор.

Президентимиз ўз нутқида юртнинг тараққиётида, давлатчилигимиз тарихида буюк намоёндаларимиз, моҳир саркарда ва сиёсатчи бўлган ота-боболаримиз ёнида доимо оқила, жасур ва фидойи момоларимиз ҳам ўзларининг юксак ақл-заковати, теран фикр ва мулоҳазалари, амалий ҳаракатлари билан муносиб ҳиссаларини қўшганлигини эътироф этдилар.

Йиғилиш давомида 2020-2021 йилларда амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил этилди. 2020 йилда йўлга қўйилган “Аёллар дафтари” тизими доирасида 900 мингга яқин хотин-қизларимизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилганлиги;

2021 йил давомида 4 мингдан ортиқ хотин-қизларга уй-жой тўловларининг бошланғич бадалига маблағ ажратилганлиги;

2 минг нафар қизларимиз алоҳида грант асосида олийгоҳларга қабул қилинди, яна 1 минг 800 нафар қизларимизнинг контрактлари тўлаб берилди. Талабаларнинг 60 фоизи хотин-қизлар экани ҳам қувонарлидир. Агар 2016 йил билан қиёслайдиган бўлсак, бу кўрсаткич 38% ташкил этарди.

2021 йилда 1 минг 153 нафар аёлга юқори технологик тиббий операциялар бепул ўтказилиши аёлларимизнинг соғлиғини ҳам давлат ўз зиммасига олаётганлигининг амалдаги яққол исботидир.

Мазкур йиғилиш давомида юртбошимиз ҳали олдимизда қилишимиз керак бўлган ишлар салмоғи кўп эканлигини алоҳида айтиб ўтдилар.

“Аёллар дафтари”га киритилган 630 мингдан зиёд хотин-қизлар рўйхатда турганлиги, улардан 200 минг нафари ишсиз экани, 2021 йилда ишсиз аёлллар ўртасида жиноятчилик 1,7 бараварга, 18-30 ёшдаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 2 бараварга ортганлигини куюнчаклик билан таъкидлади.

Шунингдек, 2021 йилда 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўровонликка учрагани юзасидан профилактика инспекторларига мурожаат қилган. Бу рақам 2020 йилга нисбатан 2,5 баравар кўпайгани ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар талайгина эканлигидан далолат. Мазкур соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳам депутатларимиз олдида турган муҳим вазифалардандир.

Юртбошимиз ўз нутқида бу каби муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик ва нуронийларимизнинг ўрни ва таъсири сезилмаётганлигини алоҳида таъкидлаб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг янгича тизимини ҳам белгилаб берди.

Муамммоларни тизимли ҳал этиш бўйича янгича ёндашув асосида ишлаш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этилди. Қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳисобланиши ва Сенат аъзоси сифатида фаолият олиб бориши, жойлардаги қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосарлари бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Юрт отаси баҳор фаслининг илк куниданоқ ва 8 март хотин-қизлар байрами арафасида кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, янгича тизим жорий этиши ҳам юртимизда аёлларнинг, инсон қадрининг юксалаётганининг амалдаги ифодасидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш