Барчамизга маълумки, сўнгги 5 йил давомида хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан аёллар ҳақида илиқ сўзлар айтилиб, уларга юксак эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг дунё илм-фани ва маданияти ривожига, фарзанд тарбиясида, шунингдек, мамлакат тараққиёти ва равнақига қўшаётган муносиб ҳиссассалари эътироф этилди.
Айниқса Президентимизнинг “Агар биз халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак.
Бир нарсани аниқ тушунишимиз керак. Ҳам оила, ҳам бола тарбияси билан шуғулланиш билан бирга, ўқиш, иш ёки тадбиркорликни олиб бориш катта матонат талаб қилади", деган гапларини барча аёллар қатори ҳис –ҳаяжон билан кутиб олдик. Айтингчи, қачон, ким, қайси раҳбар бу масалага эътибор қаратган?
Баҳорнинг илк кунида ўтказилган ушбу йиғилишда аёлларимиз учун тарихда бўлмаган имконият, имтиёзлар туҳфа этилди, эътибор қаратилди десак муболаға бўлмайди.
Йиғилиш давомида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизими белгилаб берилди.
Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда амалга оширишни таъминлаш мақсадида Президент Фармони билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани эълон қилинди.
Бизни қувонтиргани, Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган партиядошимиз Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди. Давлат бошқаруви тизимида фаолият олиб бораётган партиядош аёлларимиз сони яна биттага кўпайди.
Шунингдек, йиғилишда белгилаб берилган вазифалардан бири, республикадаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилиши ва ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилиниши аёллар масалаларини маҳаллаларда тизимли бартараф этишга хизмат қилади.
Йиғилишда кўтарилган аксарият масалалар партиямиз дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанглигини кузатиш мумкин.
Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилади. Энди, уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади.
Эҳтиёжманд ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилади.
27 минг нафар аёлнинг уй-жой шароити яхшиланади, уй-жойга муҳтож 14 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация берилади ҳамда 2022 йилда республика бўйича 1 мингта ижтимоий уйлар сотиб олинади ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларга берилади.
Таълим тизимида ҳам хотин-қизлар учун яна бир қатор кенг имкониятлар берилмоқда, Яъни, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади.
Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм).
Олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.
Ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади.
Ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади.
Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, тадбиркор аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилинади.
“Халқ банки” тажрибаси асосида аёлларни эшитиш ва уларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича “билим платформаси” яратилади. Ҳар бир банк “Халқ банки” сингари 1 нафар аёл раис ўринбосарини тайинлайди.
Хотин-қизларни иш билан таъминлашда касаначилик асосида ишлашга, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотларга рухсат этилади. Бунда иш берувчиларга ҳар бир касаначи аёл учун 3 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Хуллас, йиғилишда аёлларни, оналарни, хотин-қизларни қийнаб келаётган барча масалаларга ечим йўллари белгилаб берилган. Эндиги вазифа ҳар бир раҳбар, қолаверса жамиятнинг ҳар бир аъзоси ушбу вазифаларни сидқидилдан бажаришга маҳкам бел боғлаши лозим. Президент томонидан аёлларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар муаммоларини биринчи галда эътибор қаратиш, нафақат эътибор қаратиш, масалани ҳал этиб беришга шахсий намуна кўрсатилди. Минг афсуски, ҳанузгача аёллар, аёллар масалаларига панжа ортидан қарайдиган, меҳнатининг қадрига етмайдиган раҳбарлар учрайди, бундайларга кенг жамоатчилик биргаликда кескин кураш олиб бориши айни муддао. “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”, деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланиши учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ўз ўрнида муҳтарама аёлларимиз, хотин-қизларимиз кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрликка муносиб жавоб қайтариб, аёллик шаъни, ғурури, ибо-ҳаёси, шижоати билан намуна бўлишлари, фаоллик кўрсатишлари даркор.
Президентимиз хоҳлаганидек, Ватаннинг шон-шуҳратини юксалтириш, фарзандлар қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдириш, буюк орзуларни жойлашга интилишимиз, юксак фазилатли, мард, жасур фарзандларни тарбиялаб уларни камолга етказишни асосий бурчимиз деб ҳисоблашимиз керак.
Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам албатта оила ва жамиятнинг устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган аёлларга боғлиқ экан, аёлларнинг бир вакиласи сифатида шуни ишонч билан айта оламанки, азиз опа-сингилларимиз, оналаримиз бу яхшиликнинг албатта қадрига етади, ҳаётдан рози бўлиб, шукроналик билан яшайди.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.